“Инсон учун – 2026” фестивали –инсон қадри ва имкониятлар майдони
“Инсон учун – 2026” фестивали мамлакатимизда инсон қадри, ижтимоий ҳимоя ва инклюзив ривожланиш тамойиллари асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни жамоатчиликка яқиндан таништиришга қаратилган муҳим платформа сифатида ўз фаолиятини бошлади.
Фестиваль доирасида ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик лойиҳалари ҳамда инклюзив меҳнат бозорини ривожлантириш бўйича илғор тажрибалар кенг ёритилмоқда. Шу билан бирга, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, талабалар ва ёшлар учун яратилган имкониятлар, хизматлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари тақдим этилмоқда.

Шунингдек, “Имкониятлар йўли” майдони ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ушбу ҳудуд инсоннинг болалик давридан бошлаб таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, мустақил ҳаётга қадам қўйиши ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топишигача бўлган ҳаётий йўлини акс эттиради. Бу ерда ижтимоий ҳимоя тизимининг ҳар бир босқичдаги кўмаги, имкониятларни кенгайтириш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш ва жамиятдаги фаол иштирокни таъминлаш ғоялари мужассам.

“Инсон учун” фестивалининг иккинчи куни ҳам долзарб мавзуларга бой панель сессиялари билан бошланди. Куннинг илк сессияси “Молиявий саводхонлик: Пулни бошқариш” мавзусига бағишланди.
Сессияда Халқаро “EFI” иқтисодий ташкилоти вакили, “Westminster” университети катта ўқитувчиси, PhD Тимур Маҳкамов молияни тўғри бошқариш, даромад ва харажат мувозанати ҳамда молиявий эркинлик сари муҳим қадамлар ҳақида фойдали маълумотлар билан ўртоқлашди.

Билим, мотивация ва амалий тавсиялар уйғунлашган ушбу сессия иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Фестиваль доирасидаги “Имкониятлар йўлаги” — ижтимоий ходим интерактив симулятори ҳам тадбирнинг диққат марказидаги лойиҳалардан бирига айланди.

Мазкур майдон ташриф буюрувчиларга ижтимоий ходим фаолиятини бевосита ҳис қилиш, ҳаётий вазиятларда қарор қабул қилиш жараёнини синаб кўриш ҳамда ижтимоий хизматларнинг аҳамиятини янада чуқурроқ англаш имконини берди.
Симуляторда 50 га яқин иштирокчи ўзини ижтимоий ходим ролида синаб кўрди ва турли кейс-вазиятлар устида ишлади.

Шунингдек, фестиваль доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли савдо-кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазмада “Ягона реестр”га киритилган, ногиронлиги бўлган фуқаролар бандлигини таъминлашда фаол иштирок этаётган 130 та тадбиркорлик субъекти ҳамда 20 нафар ҳунарманд томонидан тайёрланган қарийб 2 минг турдаги миллий маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА