Инсон шаъни ва қадр-қиммати улуғланмоқда
Сурхондарё вилоятида ҳам жорий йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган референдумга бағишланган учрашув, давра суҳбатлари ва бошқа маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига OzLiDePдан сайланган депутатлар ҳам жанубдаги воҳада бўлиб, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Жарқўрғон туманидаги 2-касб-ҳунар мактабида бўлиб ўтган ана шундай учрашувлардан бирида ҳудуддаги 12 та маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари, ўқитувчилар, партия фаоллари иштирок этди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фахриддин Саматов Асосий Қонунимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, улардаги нормалар ҳақида атрофлича маълумот берди.

– Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланмоқда, – деди депутат. – Хусусан, “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида инсон ҳуқуқларига доир нормалар 3,5 баробарга, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар 3 баробарга кўпайди. Ундаги моддалар амалдаги 128 тадан 155 тага етди, нормалар 275 тадан 434 тага ошди. Масалан, янгиланаётган Бош Қомусимизда ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилмоқда. Бу қоидалар айни пайтда мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси билан шуғулланаётган 685 мингдан ортиқ ўқитувчининг профессионал ўсиши, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватланишини, уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Тумандаги Марказий поликлиника ва туман ҳокимлигида ўтказилган тарғибот-тушунтириш тадбирида рақобатбардош миллий иқтисодиёт, хусусий тадбиркорлик ва мулк ҳуқуқи кафолатлари мустаҳкамланаётгани ҳақида сўз юритилди. Аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши ҳам лойиҳага киритилгани, аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилаётгани хусусида фикр алмашилиб, буларнинг барчаси халқимиз соғлиғини ишончли муҳофаза қилиб, оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда муҳим омил бўлиши таъкидланди.

– Янгиланаётган Конституциямизда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қоидалар ҳам такомиллаштирилди, – деди Ф.Самадов. – Жумладан, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши мустаҳкамланди.
Учрашувда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Референдумда фаол иштирок этишга чақирилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири