Инсон саломатлиги – энг олий неъмат
Соғлом турмуш тарзи касалликларнинг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади. Президентимиз 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида бир оғриқли масалани яъни бугунги кунда 7 миллион аҳолимизда турли хил сурункали касалликлар борлигини таъкидлаб ўтди.
“Соғлом ҳаёт тарзи ҳақида олти йилдан бери гапиряпмиз. Лекин Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни ҳали жой-жойига қўя олмаяпти. Соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар одамларга етказилмаяпти, турли ёшдаги кишилар учун жисмоний машқларни ўргатиш ишлари йўқ. Аслида, инсон саломатлиги, тиббиётнинг замини ҳам шулар-ку! Шу боис, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракатини маҳалладан бошлаймиз”. Бу ҳаракатда ёшу қари – барча юртдошларимиз ўз ўрнини топиши кераклигини таъкидлади.

Бу сўзлар Ўзбекистон халқининг соғлигини ўйлаб айтилганини унутмаслигимиз зарур. 2020 йилда коронавирус дунё миқёсида кенг тарқалиб бизнинг юртимизда ҳам ўз зарбасини кўрсатди. Бунда асосан меҳнат фаолияти билан овора бўлиб соғлом турмуш тарзидан йироқлашиб, кам ҳаракат қилувчи иммунитети пасайиб қолган инсонлар касал бўлди. Бундан кейинги ҳаётимизда бадантарбия машғулотлари, оммавий спорт тадбирлари ва спорт машғулотлари доимий тарзда кундалик ҳаётимиздан ўрин олиши лозимлигини кўрсатиб қўйди. Шундай экан барчамиз соғлигимизнинг борида қадрига етайлик.
Нурали Муниров,
Бухоро давлат университети спорт тарғиботчиси