Инсон қадрини улуғлаб, фаровон келажак сари
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб номланишида ўзгача маъно, инсопарварлик ғояси мужассам. Шу билан бирга, саломатлигимиз учун ниҳоятда муҳим бўлган она табиат билан муносабат сиёсат даражасига кўтарилгани барчамизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди.
Бутун дунёда экологик муаммо бирламчи аҳамият касб этаётган ҳозирги даврда тоза ҳавони асраш, қулай иқлим яратиш, аждодлардан мерос табиатни авайлаш саломатликнинг асосий гаровидир. Қолаверса, Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган Янги Ўзбекистонимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар ҳам малакали тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган.

Сўнгги йилларда диёримизда илм аҳлининг жамиятдаги қадри ва нуфузини ошириш, улуғ аждодларимиз яратиб кетган бой илмий меросни ўрганиш, илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этиш ва ривожлантириш масаласи алоҳида эътиборга олинди. Олий ўқув юртларида илмий тадқиқотларни ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштириш, ушбу жараён кўламини кенгайтириш борасида диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, Самарқанд давлат тиббиёт университети мамлакатимизнинг нуфузли тиббиёт олийгоҳлари қаторида тилга олинади.

Илмий-назарий, маънавий-маърифий анъаналарга эга мазкур таълим маскани Россия, Беларусь, Хитой, Жанубий Корея давлатларидаги етакчи турдош олий ўқув юртлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиб, икки томонлама манфаатли битимлар тузишга эришди. Ҳамкорлик самараси ўлароқ, мунтазам равишда халқаро илмий- амалий анжуманлар, турли семинарлар ўтказиб келинмоқда. Академик мобиллик доирасида олий ўқув юртлари аро талаба алмашиш, айниқса ёш олимларнинг хорижда тадқиқот ўташи амалиёти йўлга қўйилди.

Инсон ва жамият тараққиёти бир-бирини тўлдириб, такомиллаштириб борадиган, тамаддуннинг юқори босқичига олиб чиқадиган маънавий-маърифий ҳодисадир. Тарихий ривожланиш тафаккур қонуниятидан келиб чиқади ва ўзида илм, маданият олами қадриятларини акс эттиради. Шу нуқтаи назардан СамДТУ кўп тармоқли клиникасининг қарийб 100 йиллик тарихи замирида ўзига хос қадрият мужассам.

Мажмуада туғруқ комплекси, маслаҳат поликлиникаси, функционал диагностика, эндоскопик хирургия бўлимлари ҳамда умумий амалиёт шифокорлари тайёрлаш маркази фаолият кўрсатади. Муассаса замонавий, юқори технологияли тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Хусусан, тўрт йил муқаддам клиникада замонавий МРТ, МСКТ, рақамли рентген, сўнгги русумдаги УТТ аппаратлари ўрнатилган ташҳис маркази ишга туширилди. Хорижий давлатлар билан ҳамкорликда замонавий технология воситалари ёрдамида мураккаб операциялар, жумладан жигар ва буйрак трансплантацияси, бариатрик, нейроэндоскопик, микрофталмологик, эндоурологик, лапароскопик, торакоскопик жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди.
Эътироф этиш жоиз, бугун республика даражасидаги 261 турдаги жарроҳлик амалиётларининг 243 таси Самарқандда амалга оширилмоқда. Демак, вилоятдаги тиббий масканлар моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланяпти.

Айни пайтда профессор Жасур Ризаев раҳбарлигида 14 000 га яқин талаба таҳсил олаётган САмДТУда 325 фан номзоди (PhD), 71 фан доктори (DSc) илмий даражасига эга ходимлар ишлайди. Кейинги йилларда илмий даражали ходимлар улуши 3 баробар ошди, йиллар кесимида диссертациялар ҳимоясида ижобий тенденция яққол кузатилмоқда.
Халқаро илмий-амалий симпозиумлар доирасида жарроҳлик амалиётлари ўтказиш, аудиовизуал технология ва юқори тезликдаги телекоммуникация тизими ёрдамида жарроҳлик таълимининг муҳим воситаси бўлган операция хоналаридан тўғридан-тўғри жарроҳлик амалиётини кузатиш, эндоскопик жарроҳлик, онкология, бариатрия бўйича етакчи мутахассислар иштирокида соҳа муаммолари ва долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун давра суҳбатлари ташкил этиш анъанага айланган.
Олийгоҳ таркибида Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти, Л.М.Исаев номли Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти ва клиникаси, Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази, Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази ташкил этилган.
Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд давлат тиббиёт университети жамоаси олдига қўйилган аниқ мақсадлардан бири шуки, мамлакатимизнинг ҳеч бир фуқароси шифо излаб, ўзга юртлардан нажот кутмасин. Ўзимиз тиббиётнинг барча йўналишларини ривожлантириб, халқимизга виждонан, холисона хизмат қилайлик, малакали тиббий ёрдам кўрсатайлик. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббий маданиятни юксалтиришга эришайлик.
Ҳамза Ҳамроев,
СамДТУ доценти, тиббиёт фанлари номзоди
ЎзА