Инсон қадрини таъминлашда ижтимоий назоратнинг ўрни
Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг марказида инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий адолат ҳамда тенг имкониятларни таъминлаш каби устувор мақсадлар мужассам. Ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишнинг замонавий механизмларини жорий этиш ҳам ана шу ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Бугунги кунда Ижтимоий инспекциянинг ташкил этилиши ва унинг фаолиятини такомиллаштириш ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлмоқда. Унинг асосий вазифаси ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш, мавжуд муаммо ҳамда камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриш, шунингдек, келгусида салбий ҳолатларнинг такрорланишининг олдини олишдан иборат. Бунда энг муҳим жиҳат назоратнинг инсон манфаатига йўналтирилганидир. Яъни, ҳар бир ўрганиш ортида муайян фуқаронинг ҳуқуқи, эҳтиёжи ва ҳаётий манфаати турганини англаш талаб этилади.

Ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашда ҳудудий назорат тизимининг ўрни ҳам катта. Чунки марказда ишлаб чиқилган қарор ва дастурларнинг аҳоли ҳаётидаги амалий натижаси, аввало, жойларда кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва самарадорлиги билан белгиланади. Шу сабабли ҳудудларда ижтимоий хизматларнинг қонунчилик ва миллий стандартлар асосида кўрсатилишини ўрганиш, аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, Ижтимоий инспекциянинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида Навоий шаҳри, Хатирчи ҳамда Навбаҳор туманларида комплекс ўрганишлар ўтказилди. Мазкур ўрганишлар давомида аҳолига сифатли ижтимоий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ 1621 та камчилик ва қоида бузилиш ҳолати аниқланди. Аниқланган ҳар бир камчилик юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, масъулларга кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, “Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларни реабилитация қилиш маркази” ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази” фаолияти, уларда кўрсатилаётган хизматлар сифати ташаббус асосида ўрганилди. Бу каби ўрганишлар ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифатига баҳо бериш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриш имконини бермоқда.
Ижтимоий ҳимоя соҳасида аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Ижтимоий инспекция Навоий вилояти бошқармаси томонидан Навбаҳор туманида сайёр қабул ташкил этилиб, 25 нафардан ортиқ фуқаронинг ижтимоий соҳадаги мурожаатлари ўрганилди ва уларнинг муаммоларини ҳал этишга амалий ёрдам кўрсатилди. Бундай мулоқотлар фуқароларнинг мурожаатларини жойида ўрганиш, уларга тезкор ечим топиш ҳамда давлат идораларига бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Албатта, ҳар бир соҳада фаолият юритаётган раҳбар ва масъул ходимнинг ташаббускорлиги алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги талаб “топшириқ берилса – бажариш” эмас, балки муаммони олдиндан кўра билиш, унинг сабабларини таҳлил қилиш ва ташаббус билан ечим излашдан иборат. Айниқса, ижтимоий соҳада муаммонинг ўз вақтида аниқланиши инсон тақдирига бевосита таъсир қилиши мумкин.
Шу сабабли Ижтимоий инспекция томонидан ўтказилаётган комплекс ўрганишлар, сайёр қабуллар, хизмат олувчилар билан суҳбатлар ва аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган амалий чоралар ижтимоий ҳимоя тизимида масъулият ва шаффофликни янада кучайтиришда муҳим роль ўйнамоқда. Энг муҳими, назоратнинг мақсади камчиликни топиш эмас, балки инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммони барвақт аниқлаш ва унинг ечимини таъминлашдан иборат. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси ҳам, аввало, инсоннинг кундалик ҳаётида, унинг давлат ва жамият эътиборини ҳис қилишида намоён бўлади.
Фаррух Қобилов,
Ижтимоий инспекциянинг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи.
ЎзА