Инсон қадри ва тараққиёт йўлидаги янги қадамлар
Бугунги кунда Навоий вилоятининг энг олис туманларидан бири – Учқудуқ туманида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, таълим, спорт, маданият ва ижтимоий соҳаларни қамраб олган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов туманга ташрифи давомида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, ўз таклиф ва тавсияларини берди.
Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда тумандаги спорт мактабида 63 та спорт гуруҳида 797 нафар ёш мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг 261 нафарини қизлар ташкил этади. Мактабнинг 70 нафар спортчиси мамлакат миллий терма жамоалари таркибидан ўрин олган бўлса, 103 нафари вилоят терма жамоаси аъзосидир. 2025-2026 ўқув йили давомида спортчилар Ўзбекистон ва Осиё чемпионатлари, Жаҳон кубоги мусобақалари ҳамда халқаро турнирларда жами 171 та юқори натижа қайд этган.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида умумий қиймати 1,5 миллиард сўм бўлган замонавий кураш зали қурилаётгани эса ёш полвонлар учун янада кенг имкониятлар яратади.
Таълим соҳасини ривожлантириш ҳам давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Шу мақсадда тумандаги 4-сонли умумтаълим мактабида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 1965 йилда қурилган мазкур таълим муассасасида 143 нафар ўқувчи таҳсил олиб, уларга 30 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Таъмирлаш ишлари якунланганидан сўнг ўқувчилар учун янада замонавий ва қулай таълим муҳити яратилади.

Туманда мактабгача таълим тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 360 ўринга мўлжалланган 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 64 нафар педагог ва ходим меҳнат қилмоқда. Ҳозирда муассасада 4 миллиард 612 миллион сўм маблағ эвазига капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Вилоят раҳбари 2-сон техникумда ҳам бўлиб, таълим муассасасидаги шароитлар билан танишди. Техникумда мавжуд инфратузилмавий муаммолар, хусусан, канализация тизими билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар белгиланди. Шунингдек, муассасани 2027 йилда Давлат дастури доирасида капитал таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, бу ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш имкониятларини янада кенгайтиради.

Учқудуқ туманида амалга оширилаётган мазкур лойиҳаларнинг барчаси инсон манфаатларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳудуднинг иқтисодий ҳамда ижтимоий салоҳиятини юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири