Инсон қадри ва ҳуқуқлари — энг устувор мезон
Бухоро вилоятида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ёпиқ муассасалардаги шароитларни ўрганишга қаратилган мониторинг тадбирлари давом этмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан жазо турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари аъзоларидан иборат мониторинг гуруҳи Бухорода ўрганиш фаолиятини амалга оширди.
Мониторинг ташрифларида Қоракўл туманида жойлашган ногиронлиги бўлган эркаклар учун мўлжалланган “Ғамхўрлик” марказидаги шароитлар атрофлича ўрганилди. Айни пайтда марказда 300 нафардан зиёд шахс истиқомат қилмоқда.
Ўрганиш жараёнида муассасада яшовчилар учун яратилган шароитлар, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳолати, тиббий ва ижтимоий хизматлар сифатига эътибор қаратилди. Аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш, муассаса фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда яшовчилар учун муносиб шароитларни таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Бу каби мониторинглар, аввало, инсон ҳуқуқлари қоғоздаги меъёр эмас, балки ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётида таъминланиши лозим бўлган муҳим қадрият эканини амалда намоён этади. Зеро, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Мониторинг доирасида Қоракўл тумани ИИБ ҳамда Бухоро шаҳар ИИБ нинг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ҳам ўрганишлар ўтказилди. Хусусан, шахсларни сақлаш камералари, тергов хоналари, тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати кўздан кечирилди.
Шунингдек, Қоракўл туманидаги ҳибсхонада тинтув хонаси ва санитария-гигиена шароитлари, Бухоро шаҳридаги ҳибсхонада эса адвокатлар хоналари ҳамда сайр қилиш жойларининг ҳолати ўрганилди. Муҳими, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар шунчаки қайд этиб қўйилмайди. Улар юзасидан Омбудсманнинг таъсир чоралари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига киритилади. Бу эса ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, масъул идоралар фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, вақтинча сақлаш жойларида инсоннинг ҳуқуқ ва қадр-қимматини таъминлаш масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Чунки шахснинг ҳуқуқий мақоми қандай бўлишидан қатъи назар, унга нисбатан қийноқ, шафқатсиз ёки қадр-қимматини камситувчи муомалага йўл қўйилмаслиги шарт. Бу тамойил мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига ҳамоҳангдир.

Шунингдек, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили хизмат хонаси жойлашган манзилда фуқаролар қабули ҳам ташкил этилди. Унда аҳолининг мурожаатлари тингланиб, кўтарилган масалаларни қонуний тартибда ҳал этиш юзасидан зарур чоралар белгиланди. Умуман олганда, Бухоро вилоятидаги ушбу мониторинг ташрифлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида профилактика, очиқлик ва жамоатчилик назоратининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодаси ҳам айнан шунда — инсон қаерда бўлишидан қатъи назар, унинг шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши керак. Шу маънода, Омбудсман институтининг жойларга чиқиб, муаммоларни бевосита ўрганиши, аниқланган камчиликлар юзасидан масъул ташкилотлар олдига аниқ вазифалар қўйиши инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали механизмларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири