Инсон қадри ва эл-юрт бахти тараннум этилмоқда
Сурхондарё вилоятида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни олдидан турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва спорт беллашувлари ташкил этилмоқда.
Инсон қадри ва эл-юрт бахти йўлида самарали фаолият юритаётган ташкилот юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли турмуш даражасини ошириш, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг саломатлигини тиклаш, маданият ва спортни ривожлантириш каби йўналишларда кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда. Хотин-қизларнинг муаммоларини “маҳаллабай” ўрганиб чиқиб, “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ва амалий ёрдам кўрсатишда фаол қатнашмоқда. Бундай эзгу амаллар кейинги йилларда касаба уюшмалари халқимизнинг том маънодаги ишончини қозонган ташкилотга айланаётганини кенг намоён этмоқда.

Термиз шаҳар ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби ўртасида “Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари ўн кунлиги” шиори остида спортнинг шахмат тури бўйича ўтказилган мусобақа ҳам мамлакатимизда кенг нишонланаётган Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланди.
Интеллектуал ўйинлар ичида энг мукаммал беллашув саналадиган шахмат мусобақасида осойишталигимиз посбонлари ўзларининг ақл-заковатини кенг намойиш этди.

Қизиқарли баҳс-мунозараларга бой бўлган беллашув якунида Термиз шаҳар ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи инспектори, майор Дилафрўз Алланазарова фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин бошқарманинг иккинчи ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика инспектори, лейтенант Ҳасан Саидовга насиб этди. Биринчи ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика инспектори, лейтенант Муслимбек Қамариддинов учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Вилоятда сана муносабати билан ташкил этилаётган тадбирлар давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири