Инсон қадри улуғланган юртнинг келажаги ҳам улуғдир
Муносабат
Инсон – бу дунёнинг азизу мукаррам хилқати, мавжудодлар ичра сарваридир. Инсоннинг қадр-қиммати пок қалбга, эзгу мақсадга эгалиги, ундаги имон-эътиқод ва қилган гўзал амаллари билан ўлчанади. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина одамлар ҳақиқий қадр топади.
Мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар мана шундай инсон дарду ташвишларини енгиллатиш, унинг фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган бўлиб, халқ билан бевосита мулоқот қилиш, муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича янги тизим яратилди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган халқчил ғоя қарор топди ва бу тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати, қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш тамойили ислоҳотлар моҳиятини ташкил этади. Бир сўз билан айтганда, улуғвор ва улкан мазмун-моҳиятли тушунча – инсон қадр-қиммати бош мақсадга айланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги йил муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида кенг жамоатчиликнинг фикрларини ўрганганлиги натижасида ва таклифлардан келиб чиқиб, янги 2022 йилни Ўзбекистонда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилишни таклиф этар экан, инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш эканлигини ҳамда бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутиши эканлигини айтиб ўтди.
Шу сабабли, Янги Ўзбекистон стратегиясининг узвий ва давомийлигини таъминлаш билан бирга инсон қадрини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида “Инсон қадри учун” тамойилига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишдан иборат “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони бугунги кунда асосий ғоя ва бош мезон сифатида йўлга қўйилди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, инсон қадри-қимматини улуғлаш мезонида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ҳамжамиятда ҳам ўз аксини топиб келмоқда.«1948 йил 10 декабрь — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси» қабул қилинган сана Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида бутун дунёда байрам сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.
Қайд этиш лозимки, мазкур Декларация Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида олиб борилган изчил ислоҳотлар ҳамда амалга оширилган тизимли ишлар натижасида 2020 йилда Ўзбекистон тарихда илк маротаба БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлди. Эндиликда мамлакатимиз ушбу нуфузли ташкилотга аъзо 47 та давлат қаторида фаолият юритиб келмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда ва халқаро ҳамжамиятда инсон қадрини, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган барча ислоҳотлар инсондаги азизлик ва мукаррамлик шарафини улуғлаш баробарида, халқ манфаати, дин ривожи ва мамлакат ободлиги йўлида ўз ҳиссасини қўшишга ундайди.
Ноила Мустафоева,
Тошкент давлат юридик университети
Хорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси
ЎзА