Инсон қадри улуғланган юртда яшаш шараф
Бухоро муҳандислик-технология институтида Салих Астанов 58 йилдан буён ёшларга сабоқ бериб келмоқда. Унинг раҳбарлигида “Мева, сабзавот ва полиз экинларига ишлов бериб экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари олиш технологиясини яратиш”нинг долзарб муаммоларига бағишланган 15 дан зиёд ихтиро патентлари олинган. 300 дан ортиқ илмий-услубий ишлар ва 14 та электрон ўқув қўлланмалар нашр этган. Давлатимиз раҳбари фармони асосида Салих Астановнинг ҳам меҳнатлари алоҳида қадр топди.
– Ўқитувчи касбида 58 йилдан зиёд вақт давомида меҳнат қилиб келмоқдаман, – дейди Бухоро муҳандислик-технология институтининг аниқ фанлар кафедраси профессори, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Салих Астанов. – Инсон қадри улуғланган юртда яшаяпмиз. Юртнинг ривожи йўлида амалга оширилган иш эса ҳеч қачон рағбатсиз қолмайди.

Ўтган вақт давомида профессор Салих Астанов ўзидан катта мактаб ярата олди. Ҳозир ҳам мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулотлар сифат кўрсаткичларини ошириш ва юқори самараларга эришишда унинг илмий ишланмалари асосий манбалардан саналади.
– Таълим соҳасига қаратилаётган ислоҳотлар, ўқитувчи ва мураббийлар учун яратиб берилаётган имкониятлар бугун ҳар бир ўқитувчи, педагоглар эъзозда эканлигини кўрсатмоқда, – дейди Бухоро муҳандислик-технология институти Ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Шероз Темиров. – Давлат раҳбари томонидан устоз Салих Астановнинг тақдирлангани биз учун фахр бўлди. Ҳозирда, 80 ёшни қаршилаётган Салих Астанов ҳамон юрт тараққиёти йўлида меҳнат қилиб келмоқда. Йиллар давомида қилган меҳнатлари натижасида бугун устоз халқимизнинг эътибор ва эътирофида.
Дарҳақиқат, инсон қадри улуғланган юртда яшаяпмиз. Унинг ривожи йўлида амалга оширилган иш эса ҳеч қачон рағбатсиз қолмайди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.