Инсон қадри баланд тутилган қомус
Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!
Ўзбекистонимизнинг Бош қомуси қабул қилинган сана, яъни Конституция байрамига саноқли кунлар қолди.
Ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати бўлган Асосий қонун бор экан, биз ишонч билан хотиржам яшаймиз. Ундаги ғоя ва мақсадларнинг тўлақонли амалга ошиши эса ҳар биримизга боғлиқ.
Энг аввало, Конституцияни ўқиб-ўрганиш, уни нафақат ҳурмат, балки унга амал қилиш кундалик аъмолимизга айланиши шарт. Шундагина қомуснинг қадри ва қиймати баланд бўлади.
Гарчи, Конституция қабул қилинганининг 31 йиллиги нишонланса ҳам бу йилги байрам шукуҳи ўзгача бўлади. Чунки бу йил биз янгиланган, инсон қадри баланд тутилган қомусимизни байрам қиламиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши асосида байрамни муносиб кутиб олиш бўйича ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури тасдиқланди.
“Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғояни ўзида мужассам этадиган бу йилги байрам юртдошларимизни Асосий қонунимизда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида янада жипслаштиради.
Зеро, 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
Дастурга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда нишонланади. Барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар ташкил этилади.
Бадиий кечалар, фестиваллар, сайиллар, маданият ва спорт тадбирларини самарали ўтказиш мақсадида атоқли илм-фан намояндалари, маданият ва санъат арбоблари, кекса ва ёш авлод вакиллари, таниқли спортчиларни жалб этган ҳолда байрам тадбирлари ташкил этилади.
Байрамни бугунги давр руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлаш мақсадида янгиланган Конституция мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказилади.
“Конституция ҳафталиги”да умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида барча ўқувчи ва талабаларни қамраб олган ҳолда Конституция дарслари ўтказилади.
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қолаверса Бош қомусимизнинг асосий тарғиботчиси бўлган Адлия вазирлиги қандай ишларни амалга оширади?
Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, аҳолининг конституциявий билимларини оширишга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш мақсадида икки босқичли умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилади.
Унда иштирок этиш ихтиёрий бўлиб, ҳозирги маълумотларга кўра, 170 мингдан ортиқ фуқаро тест учун рўйхатдан ўтган. Имтиҳон уч тоифа: юристлар, ўқувчи-ёшлар ва қизиқиш билдирган аҳоли вакиллари иштирокида ўтказилади. 1-босқич тест шаклида, 2-босқич суҳбат шаклида бўлиб ўтади.
Мактаб ўқувчилари ўртасида “Конституция ҳуқуқларим пойдевори” мавзусида “туман-вилоят-республика” босқичларида иншолар кўрик-танлови ташкил қилинади.
“Адлия ҳуқуқий марши” шиори остида 5 декабрь куни Шайхонтоҳур туман адлия бўлимидан бошланиб, Сайилгоҳ кўчасида якунланадиган ҳуқуқий акция ўтказилади.
Ҳуқуқий марш давомида аҳолига турли сайёр хизматлар кўрсатиш, бепул ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳат бериш ҳамда Сайилгоҳ кўчасида кўнгилочар ва совринли тадбирлар ташкил қилиш режалаштирилган.
Конституциянинг барча аҳоли қатламига етиб боришини таъминлаш мақсадида Конституция китоби билан бир қаторда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган брайл алифбосидаги Конституция ҳам чоп этилди.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция куни байрамлар ичра энг улуғ байрамлардан бири бўлиб, бу санада нафақат хурсандчиликлар, балки қомусий билимларни ошириш бўйича зарур чоралар белгилангани ҳар бир юртдошимизнинг ҳуқуқлари кафолати ошишига хизмат қилади. Зотан, ҳуқуқнинг ҳужжатда ҳимояланганигина эмас, балки уларни билиб, англаб, бу йўлда қатъий тура олиш инсон ҳуқуқлари ҳимояси чинакамига таъминланишига замин демакдир.
Норгул Абдураимова,
ЎзА