Инсон қадр-қиммати — ҳамма нарсадан устун
Юртимизда инсон қадр-қиммати энг юқори ўринда туради.
Инсоннинг умри давомида бахтиёр, зарур шарт-шароит ва қулайликларга эга, хотиржам бўлиб яшаши учун амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлардан юртимиз фуқаролари мамнун. Айниқса, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқаришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги мавжуд 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 1 минг 823 нафар ўғил-қиз яшаб, таҳсил олмоқда. 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг 363 нафар бола тарбияланмоқда. Бундан ташқари, саховатли инсонлар ташаббуси билан оила шароитида тарбияланаётган етим болалар мавжуд. Уларнинг мунгли кўзларига қувонч улашиш, кемтик қалбига хотиржамлик туҳфа этиш мақсадида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар эътиборга молик.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 28 июль куни Тошкент шаҳридаги 21-Меҳрибонлик уйини бориб кўрди ва тарбиячилар ҳамда болалар билан мулоқот қилди. “Бугун келишимиздан мақсад сизлар билан кўришиб, сизларнинг тимсолингизда барча тарбияланувчилар учун шароитларни бундан-да яхшилаш, иложи борича, оиладагидек муҳит, тарбия ташкил қилиш. Ҳамма билан тенг бўлиб таълим-тарбия олишингиз, олийгоҳларда ўқиб, касб эгаллашингиз, уй ва иш билан таъминланиб, ҳаётда муносиб ўрин топишингиз учун имкониятлар яратамиз. Шуни билингларки, сизларнинг ота-онангиз, ватанингиз бор. Давлат сизларни ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмайди”, деди Президент учрашувда.
Давлатимиз раҳбарининг бугун, 11 августда қабул қилинган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ушбу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Қарорга кўра, 2021 йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уй-жой билан таъминланади. Бунда ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар коллеж, академик лицей, техникум ва олий таълим муассасаларида ўқиётган даврида маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган уй-жойларда коммунал хизматларнинг меъёрий кўрсаткичлари бўйича фойдаланилган коммунал хизматлар учун тўловларнинг эллик фоизи тегишли туман ва шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан компенсация қилинади.
Уй-жойларга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой харид қилиш ва қуриш учун 2021 йилда талаб этиладиган маблағларнинг 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, қолган қисми Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ва бошқа маблағлар ҳисобидан ажратилади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу қарорда кўзда тутилган чора-тадбирлар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароитларга эга бўлиб,хотиржам ҳаёт кечиришларига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА