Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан илғор технологияларни жорий этиш, янги ёндашувлар асосида ишларни ташкил этиш мақсадида давлат муассасалари, хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастур ишлаб чиқилган.
Агентлик масъул ходимлари, Раҳбар кадрларни тайёрлаш маркази вакиллари ҳамда 10 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг кадрлар бўлинмалари ходимлари "Янги Ўзбекистон" университетида бўлиб, бошқарув самарадорлиги ва инсон ресурсларини бошқариш тажрибасига оид тақдимот билан танишди.

Университет республикамиз ва дунё тажрибасининг энг илғор ютуқларини ўзида мужассам этган, барча институт ва университетларга намунавий модель бўлиб хизмат қиладиган янги замонавий таълим муассасасидир.
Муассаса вакиллари томонидан инсон омилисиз ишга қабул қилиш электрон платформаси тақдимоти ўтказилди. Ушбу платформа сунъий идрок ёрдамида бир неча минглаб номзод билан онлайн суҳбатлашиш ҳамда муносиб номзодни саралаб олиш, анъанавий тартибга кўра, номзодларни саралаш учун сарфланиши мумкин бўлган вақтни тежашга ёрдам беради.

Бу каби платформалар бир қатор ривожланган давлатларда, шунингдек, Amazon, Tesla, Samsung ва LG каби йирик компанияларда йўлга қўйилган.
Тадбирда соҳага оид яна қатор тажрибалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА