Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун (+видео)
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини улуғлашда соғлиқни сақлаш тизими устувор аҳамият касб этади.
Айни шу мақсадда республикамизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш ва унинг ривожини янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Тиббий хизматларнинг сифат даражаси ошиб, янги замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари, ноёб илмий-амалий тажрибалар шаклланяпти. Бунга биргина мисол, турли мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳудудларнинг ўзида ҳам амалга оширилаётганидир. Бундан ташқари, қисқа даврда турли йўналишдаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида амалиётларнинг кўпайгани, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат турларининг ошгани ҳам кишини қувонтиради. Зеро, саломатлик бўлмаса, ишда унум, уйқуда роҳат, умрда ҳаловат бўлмайди. Айниқса, бу кўз касалликлари билан боғлиқ бўлса.
Кўз касалликлари орасида катаракта деб аталувчи хасталик кўз табиий гавҳарининг модда алмашинуви сабаб лойқаланиши, кундалик турмуш тарзида ноаниқ, булут ичидаги каби кўриш ва безовталикни келтириб чиқарадиган касаллик ҳисобланади. Бу ҳолат халқ тилида «Парда тушиш» деб ҳам аталади. Катарактани аниқлаш учун кенг кўламли текширувдан ўтиш керак бўлади. Кўпинча катаракта ёшга доир ўзгаришлар сабаб келиб чиқади, шу боис ҳеч ким унга қарши кафолатланмаган. Фақат тажрибали шифокоргина касаллик ривожланишининг илк босқичида замонавий техникадан фойдаланган ҳолда катаракта ташхисини қўйиши мумкин.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/zVWeKxVXGgU" title="Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассисларининг маълум қилишича, марказга бир кунда 300-400 нафар бемор мурожаат қилади. Улар тўлиқ текширувдан ўтгач, хасталиклари бўйича йўналтирилади.
Ҳудудлардан йўлланма асосида келаётган беморларнинг бошқа хасталиклар каби катаракта бўйича жарроҳлик амалиёти учун харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериляпти.
Маълумот учун, мазкур марказга Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан 6 миллиард сўмга шартнома тузилган бўлиб, жорий йил 15 март ҳолатига кўра, 1 миллиард 650 миллион сўмлик тиббий хизмат кўрсатилди. Ушбу маблағ эвазига 800 нафардан кўпроқ беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Амалиётларнинг нархи энг ками 3 миллион сўмдан бошланиб, 30 миллион сўмгача баҳоланади.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек: «Халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлатга ҳам шунчалик ишонади. Халқ кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлса, давлатдан, бугунги юритилаётган сиёсатдан ҳам рози бўлади».
Барно МEЛИҚУЛОВА,
Ёқубжон МEЛИБОЕВ (видео), ЎзА