Инсон капиталига йўналтирилган инвестиция – Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим таянчи
Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва инвестициявий жозибадорлиги тобора ортиб бораётганининг яна бир амалий тасдиғидир. Дунёнинг турли давлатларидан келган инвесторлар, йирик бизнес вакиллари, халқаро молия институтлари ва экспертларнинг Тошкентда жам бўлиши мамлакатимизда олиб борилаётган очиқ, прагматик ва узоқни кўзлаган сиёсатга берилган юксак баҳодир.
Сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим марказларидан бирига айланиб бормоқда. Бугун мамлакатимиз нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун Евроосиё ҳудудининг истиқболли инвестиция манзилларидан бири сифатида эътироф этилаётгани бежиз эмас. Форумда илгари сурилган ташаббуслар ва белгилаб берилган устувор вазифалар узоқ муддатли тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларини яққол намоён этди.
Хусусан, келгусида йилига 15 миллиард доллар ҳажмдаги туризм хизматларини кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини бугунги 3,5 миллиард доллардан 10 миллиард долларга етказиш бўйича белгиланган мақсадлар мамлакат иқтисодиётининг улкан салоҳиятини очиб беради. Бу кўрсаткичлар шунчаки рақам эмас. Уларнинг ортида минглаб янги иш ўринлари, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, юқори технологиялар, экспорт салоҳияти, хизмат кўрсатиш маданияти ва энг муҳими, янги авлод мутахассисларига бўлган эҳтиёж турибди. Бугунги глобал иқтисодиётда инвестициянинг мазмуни ҳам тобора ўзгариб бормоқда. Илгари инвестиция деганда кўпроқ молиявий маблағ, ишлаб чиқариш ускунаси ёки инфратузилма тушунилган бўлса, бугун тараққиётнинг энг муҳим омили сифатида инсон капитали майдонга чиқмоқда.
Жаҳон банкининг “Changing Wealth of Nations 2024” ҳисоботида инсон капитали, яъни меҳнат қилаётган аҳолининг келажакдаги даромад салоҳияти барча даромад гуруҳларидаги мамлакатлар учун энг йирик бойлик тури экани, 2020 йилда у умумий миллий бойликнинг 60 фоизини ташкил этгани қайд этилган. Шунингдек, ОECDнинг “The High Cost of Low Educational Performance” ҳисоботида PISA каби халқаро баҳолаш дастурлари орқали ўлчанадиган билим ва кўникмалар иқтисодий ўсиш билан бевосита боғлиқ экани таъкидланади. Ҳисоб-китобларга кўра, ўртача PISA натижаларини 25 баллга оширишнинг ўзи ОECD мамлакатлари ялпи ички маҳсулотига узоқ муддатда 115 триллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча иқтисодий самара бериши мумкин. Янада муҳими, таълим сифати бўйича 50 балл атрофидаги фарқ аҳоли жон бошига ЯИМнинг йиллик ўсиш суръатида қарийб 1 фоиз пунктлик тафовут билан боғлиқ экани кўрсатилган. Бу эса бугунги таълим сифати эртанги иқтисодий қудрат, инвестициявий жозибадорлик ва миллий рақобатбардошликнинг энг муҳим омилларидан бири эканини англатади. Айнан шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистонда таълим тизимига, илм-фанга, рақамли технологияларга ва ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилаётган эътибор мамлакат инвестициявий жозибадорлигининг энг муҳим таркибий қисмидир. Чунки инвестор фақат қулай солиқ муҳити ёки инфратузилмага эмас, балки замонавий билимга эга, хорижий тилларни биладиган, технологиялар билан ишлай оладиган, ташаббускор ва масъулиятли кадрларга ҳам қарайди.
Бу борада University of Business and Science ҳам мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш, халқаро стандартларга мос рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва ёшлар учун глобал имкониятлар яратиш йўлида аниқ амалий қадамларни ташламоқда. Университетнинг АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Малайзия, Италия, Венгрия, Польша, Хитой ва бошқа давлатлардаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги шунчаки оддий келишувлар эмас. Бу талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун янги академик муҳит, янги тажриба, янги илмий мактаб ва янги касбий уфқларни очишга хизмат қилаётган стратегик жараёндир.

Хусусан, Massachusetts Institute of Technology билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик доирасида сунъий интеллект бўйича “Universal AI” платформаси асосида 25 минг нафар талабани ўқитиш, шунингдек, UBSнинг 100 нафар профессор-ўқитувчисини MIT рақамли платформалари орқали малака оширишга жалб этиш режалаштирилгани университетнинг рақамли трансформация ва инновацион таълимга бўлган стратегик ёндашувини кўрсатади. АҚШнинг Illinois Institute of Technology билан қўшма таълим дастурлари, “Powered by IIT” курслари, Startup Bootcamp ва тадқиқот стажировкалари бўйича келишувлар эса талабаларни глобал инновация ва бизнес экотизимига олиб киришга хизмат қилади.
Шунингдек, Истанбул Бейкент университети, SEGi University, Wekerle International University, Shanghai Open University, Дон Тонино Белло коллежи, Кёнгбук Science University, Dongshin University ҳамда Польша олийгоҳлари билан йўлга қўйилган ҳамкорликлар UBS талабалари учун академик алмашинув, қўшма дастурлар, халқаро диплом, илмий тадқиқотлар, амалиёт ва профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш каби имкониятларни кенгайтирмоқда. Бу жараённинг энг муҳим томони шундаки, халқаро ҳамкорлик университет деворлари ичида қолиб кетмайди. У талабанинг дунёқарашини кенгайтиради, меҳнат бозоридаги имкониятларини оширади ва Ўзбекистон иқтисодиёти учун глобал фикрлайдиган янги авлод кадрларини тайёрлайди. UBS томонидан иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, юқори натижа кўрсатган талабалар учун грантлар ажратиш, 1000 нафардан ортиқ талабанинг бепул ўқиш имкониятидан фойдалангани, тил сертификатларига эга ёшлар учун чегирма ва стипендиялар жорий этилгани ҳам инсон капиталига қаратилган сармоянинг амалий кўринишидир.
Кам таъминланган оила фарзандлари ва аёл-қизлар учун яратилаётган имтиёзлар эса таълимдаги ижтимоий адолат ва тенг имконият тамойилларини мустаҳкамлайди. Бугунги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бу ёшларнинг билими, уларнинг касбий салоҳияти, илмий изланишга қизиқиши ва халқаро майдонда ўз ўрнини топишига яратилаётган имкониятлардир. Чунки замонавий иқтисодиётнинг қайси тармоғини олмайлик туризм, қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш ёки рақамли технологиялар бўладими, уларнинг барчаси билимли, ташаббускор ва замонавий кўникмаларга эга кадрларга таянади.
Бугун тайёрланаётган ҳар бир рақобатбардош мутахассис эртанги ишлаб чиқариш самарадорлиги, экспорт салоҳияти, инновацион ечимлар ва халқаро ҳамкорликнинг реал натижасига айланади. Шу боис Тошкент халқаро инвестиция форумида илгари сурилган ғоялар нафақат иқтисодий битимлар ва молиявий келишувлар, балки инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли вазифалар билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Чунки инвестицияларнинг амалий самара бериши, янги лойиҳаларнинг барқарор ишлаши ҳамда халқаро бозорда рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар яратиш, энг аввало, билимли, малакали ва ташаббускор кадрларга боғлиқ. Шу маънода, Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми мамлакатимизга жалб этилаётган сармоялар кўламини намоён этиш билан бирга, ушбу имкониятларни тараққиётга айлантира оладиган инсон капиталини шакллантириш заруратини ҳам яна бир бор кўрсатиб берди. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги табиий ресурслар ёки инфратузилманинг ўзи эмас, балки билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган инсон капиталидир.
Дилшод Холматов,
“University of Business and Science” ректори