Инсон ҳуқуқлари таъминланиши мониторинг қилинди
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, айниқса, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Бундай жойларда сақлаш шароитларининг белгиланган талабларга мувофиқлиги, тиббий ёрдам ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатларининг таъминлангани мунтазам мониторинг қилиб борилишини тақозо этади.
Шу мақсадда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) бошчилигида Ангрен шаҳридаги бир қатор махсус муассасаларда мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Жумладан, Ангрен шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиали ҳамда мастлик ҳолатидаги шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича шаҳарлараро пункти — ҳушёрхонадаги шароитлар ўрганилди.
Мониторинг жараёнида муассасалардаги камералар шароити, жиҳозлар, ётоқ жойлари, овқатланиш ва тиббий хизмат кўрсатиш тартиби, зарур дори воситалари билан таъминланганлик, ювиниш ҳамда санитария-гигиена ҳолати кўриб чиқилди.
Шунингдек, вақтинча сақлаш ҳибсхонасида шахсларнинг адвокат билан учрашиши ва мурожаат қилиш имкониятлари ҳам ўрганилди. Муассасаларда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари қабул қилинди.
Ангрен шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси 2022 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, 51 нафар шахсни сақлашга мўлжалланган. Мониторинг ўтказилган куни муассасада 38 нафар шахс сақланаётгани аниқланди. Муассасада сақланаётган шахсларнинг суд мажлисларида масофадан иштирок этиши учун зарур шароитлар яратилган. Шу билан бирга, тергов хонаси видеокузатув камераси билан жиҳозланмагани аниқланиб, мазкур камчилик тезкорлик билан бартараф этилди.
[gallery-31381]
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида беморларнинг яшаш ва овқатланиш шароитларида қатор камчиликлар қайд этилди. Филиал маъмурияти мазкур объектни Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрига кўчириш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
Ангрен шаҳрида мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти эски бинода жойлашгани ва хоналар таъмирталаб ҳолатда экани аниқланди. Мониторинг якунлари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиши белгиланди.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари якунлари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга тақдимнома, талабнома ва хулоса шаклида жами 23 та таъсир чораси киритилган.
А.Мусаев, А.Алижонов, ЎзА