Инсон – азиз, хотира – абадий
Ўз даҳшати билан оналар бағрини тиғлаган, неча-неча алп ўғлонларни жангоҳларда қурбон бўлишига сабабчи бўлган, аёлларни бева, болаларни етим қилган Иккинчи жаҳон уруши ҳақида гап кетганда кексалар кўзига ёш қалқади.
Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши даҳшатлари ва синовларини бошидан кечирмаган бирорта оила йўқ. Эркинлик учун ўз жонини қурбон қилганлар хотирасини абадийлаштириш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортидаги оғир кунларни сабр-бардош билан енгган аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш эса анъанага айланган.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сирдарё вилоятининг маркази Гулистон шаҳридаги Хотира майдонига ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.

Сирдарё вилояти ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев бошчилигида Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, бугунги тинч ва осуда кунлар учун жонини фидо қилганлар хотираси ёдга олинди.

Вилоятда байрам тадбирлари давом этмоқда.


Шуҳрат Суяров, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА