Инқилоб ғилдираги: Электромобиллар инсониятни қай томон етакламоқда?
Сўнгги йилларда жаҳон автомобиль саноати сўнгги бир аср ичида кузатилмаган беқиёс ва муқаррар такомиллашиш даврини бошдан кечирмоқда.
Ўнлаб йил давомида кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган ички ёнув двигателли машиналар ўрнини аста-секин электр токи ёрдамида ҳаракатланувчи транспорт воситалари эгалламоқда. Экология билан боғлиқ таҳдид, глобал иқлим ўзгариши ва нефть ресурси чеклангани етакчи давлатлар ҳамда йирик автомобиль концернлари олдига транспорт тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш вазифасини қўймоқда.
Европа Иттифоқи 2035 йилдан бошлаб зарарли чиқинди ажратадиган янги бензин ва дизель автомобили сотувини бутунлай тақиқлашни режалаштирган. АҚШ ва Хитой электромобилларни оммалаштириш учун улкан субсидия ва солиқ имтиёзини жорий қилмоқда. Бу жараёнда “Volkswagen”, BMW, “General Motors” ва “Toyota” каби гигантлар миллиардлаб долларлик сармояни янги электр платформаларига йўналтирмоқда.
Бозорда эса Илон Маскнинг “Tesla” компанияси ва Хитойнинг BYD бренди ўртасида кескин рақобат кучайган. “Tesla” дастурий таъминот ва мухтор бошқарув технологияси билан соҳа яловбардорига айланган бўлса, BYD арзон ва ишончли батареялари билан сотув миқдори бўйича дунё етакчилигини қўлдан бермаяпти.
Электромобилга бу қадар кучли қизиқиш ва талаб бежиз эмас. Зеро, бундай қурилмалар қатор муҳим афзалликларга эга. Биринчи сабаб тежамкорлик билан боғлиқ: электр энергияси бензин ёки дизель ёнилғисига қараганда анча арзон. Шунингдек, электромобилда ҳаракатланувчи ва тез ишдан чиқувчи эҳтиёт қисмлар – мой, тозалагич, алангалагич, узатма қутиси кам бўлгани учун техник хизмат кўрсатиш харажати қарийб икки баробар кам.
Иккинчидан ҳаракат давомида ҳавога заҳарли чиқинди чиқмайди ва йирик шаҳарларда экологик вазият яхшиланади.
Бундан ташқари замон билан ҳамнафас электр двигатели юқори тезланиш, силлиқ ва шовқинсиз ҳаракат туфайли ҳайдовчи ва йўловчига юқори даражада қулайлик тақдим этади.
Шу билан бирга ушбу технологик инқилобнинг ўзига хос мураккаблиги ва камчилиги ҳам мавжуд. Асосий муаммолардан бири инфратузилма ҳали тўлиқ тайёр эмаслиги ва қувватлаш нуқталари – “charging stations” етарли эмаслигидир. Бензин қуйиш учун атиги бир неча дақиқа кифоя, электромобилни қувватлаш эса анча кўп вақт талаб қилади. Айни ҳолат узоқ масофали сафар давомида муайян ноқулайлик келтириб чиқаради. Қолаверса, машинанинг энг қиммат қисми ҳисобланган литий-ион батареяси вақт ўтиши билан сиғим қобилиятини йўқотиб боради. Бундай мосламани алмаштириш сарфи қиммат.
Батареялар ўта совуқ ёки иссиқ иқлим шароитида самарадорлигини йўқотиб, бир марталик қувват билан юриш масофаси кескин камаяди. Мутахассислар электромобилнинг “яширин” экологик таъсирига ҳам эътибор қаратишади: яъни зарур электр энергияси асоси ҳамон кўмир ёки газдан олинади, литий ва кобальт қазиб олиш ҳамда эскирган батареяни фойдаланишдан чиқариш жараёни атроф-муҳитга маълум даражада зарар етказади.
Хулоса шуки, электромобиль инқилоби вақтинча урф эмас, балки инсониятнинг янада соғлом ва барқарор келажак сари ташлаган муқаррар қадамидир. Технология шиддат билан ривожланиши жараёнида муқобил ва арзон батарея яратиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш орқали мавжуд камчилик яқин йилларда ечим топиши кутиляпти. Ички ёнув двигатели даври якунига етмоқда, яқин ўн йилликда электр транспорт воситалари йўлларимизда тўлиқ ҳукмронлик қилади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА