Бугун Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуасида “Барқарор ривожланиш учун инновациялар” шиори остида Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги – “InnoWeek.Uz-2024” ўз ишини бошлади.
Ҳафталикнинг расмий очилиш маросимида ҳукумат аъзолари, агентлик, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, хорижий ва маҳаллий экспертлар, илм-фан доира вакиллари, профессор-олимлар, инновацион ғоя етакчилари ҳамда ёш ихтирочи-олимлар иштирок этди.
Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Таиланд Миллий тадқиқот кенгаши ижрочи директори Випарат Деонг ва бошқалар ҳафталик хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ва галдаги вазифалар юзасидан фикр алмашиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини қайд этди.
Айтиш жоизки, ушбу нуфузли тадбир Президентимизнинг 2018 йил 27 апрелдаги “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни амалий жорий қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан анъанавий тарзда ташкил этилмоқда. Ўтган йиллар давомида бу борада орттирилган тажриба туфайли ҳафталик Марказий Осиёда илғор инновацияларни намойиш қилиш ва глобал ҳамкорликни ривожлантириш учун энг йирик платформага айланиб улгурди.
[gallery-20359]
Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ташкил этилган ушбу “InnoWeek.Uz-2024” ҳафталиги бу йил “Барқарор ривожланиш учун инновациялар” шиори остида ўтказиляпти. Унинг асосий мақсади тадқиқотчилар, бизнес ва сармоядорлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, янги технологиялар ва илмий ишланмаларни амалий ҳаётга жорий этишга кенг йўл очишдир.
Таиланд Миллий тадқиқот кенгаши ижрочи директори Випарат Деонг хоним бошчилигидаги делегация ҳафталикда илк бор қатнашмоқда. Унинг фикрича, ушбу тадбир ўзаро ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратади.
– Аввало, мазкур ҳафталикда иштирок этишдан мамнунман. Таиланд делегацияси бу тадбирда илк бор қатнашмоқда ва биз учун катта шарафдир. Инновациялар, илм-фан ва техника ривожланиши, шунингдек, замонавий технологияларни жамият ҳаётига татбиқ этиш бизнинг асосий вазифаларимиздан биридир. Ушбу ҳафталик давомида технологик янгиликлар ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳамкорликларни янада мустаҳкамлашга қаратилган дастурлар муҳокама қилинади. Бундай мулоқот ва ҳамкорликлар нафақат мамлакатларимиз тараққиётига, балки глобал миқёсда инновациялар ривожига ҳам улкан ҳисса қўшишига ишонамиз, – деди Випарат Деонг хоним.
Ҳафталик доирасида ташкил этилган халқаро инновацион маҳсулотлар кўргазмасида 512 та маҳаллий ва 34 та хорижий ташкилот ўз имкониятларини намойиш этмоқда. Шунингдек, уч кун давомида 22 та халқаро форум, конференция ва семинар ҳамда 2 та маҳаллий тадбир ўтказилади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳафталикда 30 га яқин давлатдан 150 нафардан ортиқ халқаро меҳмон иштирок этмоқда. Улар орасида Хитой, Германия, Ҳиндистон, Эрон ва Корея каби етакчи давлатларнинг илмий марказлари, стартаплар ва бизнес вакиллари ҳам бор. Бу эса тадбирнинг мазмунли ва мулоқотларга бой ўтиши ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Доктор Хайрулла” оилавий кўз клиникаси директори Дилноза Шейхова ҳафталикда 50 минг долларлик грант сертификати билан тақдирланишини қайд этди.
– Бугунги ҳафталикда иштирок этишдан мамнунман. Биз ўз лойиҳамизни тақдим этган эдик. Бу ғоямиз экспертлар томонидан ижобий баҳоланиб, 50 минг долларлик грантга эга бўлдик. Ҳафталик давомида сертификатлар топшириш маросими ўтказилади ва ғолиблар тақдирланади. Биз хизмат кўрсатадиган ҳудудда 300 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. “Доктор Хайрулла” оилавий клиникаси орқали маҳаллий аҳолига офтальмологик хизматлар кўрсатишни мақсад қилганмиз. Ушбу ҳафталик бизга лойиҳамизни ривожлантириш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш учун янги имкониятлар яратади, – деди Д.Шейхова.
Насиба Зиёдуллаева, Носиржон Ҳайдаров, ЎзА мухбирлари