Инноватор ва тадбиркорлар мулоқоти
Бутунроссия ихтирочилар ва инноваторлар жамияти раиси Антон Ишенко бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев ҳамда А.Ишенко иштирокида Бутунроссия ихтирочилар ва инноваторлар жамияти аъзолари ҳамда самарқандлик тадбиркорлар ўртасида учрашув ташкил этилди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокими А.Бобоев ҳамда Бутунроссия ихтирочилар ва инноваторлар жамияти раиси А.Ишенко Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мустаҳкам ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлигини таъкидлаб, бугунги технологик тараққиёт даврида ҳар бир соҳа ривожи учун инновацион ёндашувлар зарурлигини қайд этишди. Бу борада ўзаро ҳамкорлик ҳар иккала томон учун манфаатли бўлишини эътироф этиб, ишбилармонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги таклифлар қўллаб-қувватланиши билдирилди.
Учрашув доирасида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Бутунроссия ихтирочилар ва инноваторлар жамияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шундан сўнг Бутунроссия ихтирочилар ва инноваторлар жамияти билан Самарқанд вилояти тадбиркорлик субъектлари мулоқоти ташкил этилиб, жамият томонидан бугунги кун талабидан келиб чиқиб ишланган инновацион лойиҳалар тақдимот қилинди.
[gallery-31825]
– Бутунроссия ихтирочилар ва инноваторлар жамияти билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан асосий мақсад иқтисодиётга инновацион технологияларни кенг жорий этишдан иборат, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги халқаро ҳамкорлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Жамшид Ўроқов. – Бугун Самарқандга келган йигирмадан ортиқ россиялик инноваторлар бизда талаб юқори бўлган чиқиндиларни қайта ишлаш, ичимлик сувини тежаш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда ёқилғи-энергетика соҳалари бўйича ўз инновацион лойиҳаларини тақдимот қилмоқда. Мақсад – ушбу замонавий илмий ечимлардан фойдаланган ҳолда вилоятимизда янги лойиҳаларни амалга ошириш, сув таъминоти, экология билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш.
Тадбир доирасида самарқандлик тадбиркорлар ва россиялик ихтирочилар ўртасида В2В учрашувлар ўтказилди.
– Биз Самарқандга кўплаб йирик ва истиқболли лойиҳаларимизни олиб келдик, – дейди Бутунроссия ихтирочилар ва инноваторлар жамияти ижрочи директори Елена Артемина. – Жумладан, юртингизда бир неча йилдан буён амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси бўйича ўзимизнинг бир қатор лойиҳа ва инновацион таклифларимизни таклиф этяпмиз. Ўйлайманки, бизнинг таклифларимиз қабул қилинса, Самарқандда “яшил иқтисодиёт”ни янада ривожлантиришга ёрдам беради.
Бутунроссия ихтирочилар ва инноваторлар жамияти вакиллари Самарқандга сафари давомида вилоятдаги йирик корхоналар, улардаги замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари билан ҳам танишиши кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари