Инновацион менежмент: амалиёт ва самара
Андижон давлат университетида “Инновацион менежмент” бўйича ўқув-тренинг курслари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Иновацион ривожланиш вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт ҳамда Андижон давлат университетлари ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув тренинг машғулотларида вилоятдаги олий таълим муассасалари, давлат бошқаруви соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Ўқув тренинг очилишида сўз олган Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Н. Ҳайдаров, Андижон вилояти ҳокимлиги котибият мудири Э. Холмирзаев, Андижон давлат университети ректори А. Юлдашев мамлакатимизда инновацион менежмент соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, ўтказилаётган курснинг мақсад ва вазифалари хусусида маълумот берди.
Тренинг машғулотларида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети мутахассисларининг «Мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти ва рақобат муҳитини таъминлашда инновацион менежментнинг зарурлиги», «Халқаро илмий платформаларда мақолалар чоп этишнинг замонавий усуллари», «Илмий-тадқиқотларга давлат буюртмаси, танлов мавзулари ва илмий лойиҳаларни шакллантириш тартиби, муаммо ва ечимлари» мавзуларидаги маърузалари тингланди, бу борадаги янгиликлар, инновацион иш услублари ҳақида кенг ва батафсил тушунчалар берилди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар, инновацион менежмент соҳасини ривожлантириш, бу борадаги илғор иш услубларини амалиётга татбиқ этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Инновацион ўқув-тренинг курси иштирокчиларнинг соҳага оид билим ва малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашишга хизмат қилди.
[gallery-1537]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА