Инклюзив ва сифатли таълимни ривожлантириш – инсон капиталига инвестиция
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида “Инклюзив ва сифатли таълимни ривожлантириш – инсон капиталига инвестиция” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Қўмита раиси Одилжон Маматкаримов Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, жумладан, мактабгача таълим қамровини ошириш, таълим муассасаларида таълим сифатини юксалтириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив таълимни ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганини қайд этди. Хусусан, мактабгача таълим билан қамров даражаси 27,7 фоиздан 78 фоизга, олий таълим билан қамров эса 8,3 фоиздан 47,7 фоизга етказилди.

Бугунги кунда 2 минг 610 та умумий ўрта таълим мактабида инклюзив таълим синфлари ташкил этилган. Уларда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган 6,8 минг нафар бола ўқимоқда. 248 та умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотида инклюзив таълим гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур ташкилотлардаги 519 та инклюзив гуруҳда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган 1 минг 753 нафар бола тарбияланмоқда.
Давра суҳбатида таълим сифатини ошириш, инклюзив синфлар фаолиятини кенгайтириш, таълим муассасаларида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, соҳада мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ҳудудлардаги барча умумий ўрта таълим мактабларини имконияти чекланган болаларнинг эҳтиёжларига мослаштириш, хусусан, уларни пандуслар, тактил йўлаклар, лифтлар ҳамда махсус санитария хоналари билан тўлиқ таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни умумий ўрта таълим мактабларида инклюзив таълим билан қамраб олиш кўрсаткичларини йилдан-йилга ошириб бориш муҳимлиги қайд этилди.

Инклюзив таълимни тамомлаган имконияти чекланган ёшларнинг профессионал касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида тенг ҳуқуқ асосида таҳсил олишини таъминлаш, кейинчалик уларни муносиб иш билан таъминлашда маҳаллий кенгашлар ва жамоатчиликнинг иштироки муҳим экани таъкидланди.
Давра суҳбатида инклюзив ва сифатли таълимни таъминлашга масъул вазирлик ва идоралар вакилларининг инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги ахборотлари ҳам эшитилди.
Тадбир якунида инклюзив таълимни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижросини сифатли таъминлаш бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА