Инклюзив бизнес барча учун фойдали
Пойтахтимизда Ўзбекистонда инклюзив бизнес-лойиҳаларни ривожлантириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда Ўзбекистонда инклюзив бизнес-лойиҳаларни ривожлантириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси кўмагида БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон бизнес форуми (3-босқич)” лойиҳаси томонидан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусий тадбиркорлик вакиллари, олимлар, эксперт ва мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, кам таъминланган аҳоли қатламлари, жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг зарур товар ҳамда хизматлардан фойдаланишини яхшилаш, янги иш ўринларини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу борада инклюзив бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Ишлаб чиқарувчилар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ўртасида ўзига хос кўприк бўлган инклюзив бизнес тадбиркорликнинг ноёб усулидир, – дейди БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон бизнес форуми (3-босқич)” лойиҳаси таркибий қисми менежери Усмон Раҳимжонов. – Бунда жараёнга жалб этилган томонларнинг барчаси фойда кўради.
Мамлакатимизда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон бизнес форуми” лойиҳаси ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида учта синов инклюзив лойиҳаси амалга оширилди. Чунончи, Наманганда ташкил этилган сут тўплаш маркази аҳолидан бозор нархида хомашё харид қилиб, уларни қўшимча даромад билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида маиший чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилишни бошқаришнинг такомиллаштирилган тизими йўлга қўйилди. Бу атроф-муҳит ифлосланишига қарши курашишга кўмаклашмоқда. Хоразм вилоятида имконияти чекланган 45 хотин-қиз чеварлик ва тикувчиликка ўқитилиб, доимий иш билан таъминланди.
Инклюзив бизнес моделларни ишлаб чиқишда аҳолининг томорқа участкаларидан самарали фойдаланиши учун шароит яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, ушбу мақсадда тўққиз вилоятда энергия самарадорлиги юқори бўлган иссиқхоналар қурилиб, ўқув қўлланмалар ва техник-иқтисодий ҳужжатлар тайёрланди.
Ўтказилган тадбир инклюзив бизнес-лойиҳалар кўламини кенгайтириш ва уларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этишга ёрдам беради.