Инглиз тилини ўқитиш бўйича тажриба алмашилмоқда
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Ўтмишни қадрлаш, келажакка тайёргарлик: бугунги кунда инглиз тилини ўрганиш” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Самарқанд давлат университети ва Осиё инглиз тили ўқитувчилар ассоцацияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Буюк Британия, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Индонезия, Таиланд, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон давлатларидан 60 нафарга яқин олим иштирок этмоқда.
– Асосий мақсад инновацион ўқитиш усуллари ва инглиз тилидаги долзарб муаммо ҳамда халқаро тадқиқот натижаларини муҳокама қилиш, – дейди Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Акмал Ахатов. – Шунингдек, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, нуфузли халқаро журналларда мақолалар эълон қилиш кўзда тутилган. Ўзимизнинг олимларимиз, инглиз тили ўқитувчилари хорижлик ҳамкасблари билан бу борада ўзаро тажриба алмашмоқда.
Осиё инглиз тили ўқитувчилар ассосацияси президенти, Индонезиянинг Саржанавията Тамансисва университети профессори Суварсиҳ Мадя конферерциянинг аҳамиятига тўхталиб, дунёда инглиз тилини ўрганишга талаб бугун тобора кучайиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, Осиё мамлакатларида ҳам мазкур тилни ўрганишда анъанавий методлар билан бирга янгича инновацион усуллардан фойдаланилаётгани қайд этилди.
– Самарқанд давлат университетида илмий салоҳияти юқори бўлган профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатаётгани учун ҳам навбатдаги анжуман ушбу даргоҳда ташкил этилди. Ҳамкасбларимиз билан инглиз тилини чет тили сифатида ўқитишдаги муаммолар ва уларни ўрганиш, тан олинган тадқиқотга асосланган ёндашувлар ҳақида фикр алмашяпмиз. Соҳага оид инновацион дастурлар, платформалар ва иловаларни муҳокама қиляпмиз – деди Суварсиҳ Мадя.
– Бугунги конференцияда иштирок этаётган мутахассислар дунё тан олган инглиз тили ўқитувчилари ҳисобланади – дейди Самарқанд давлат университети инглиз ва роман-герман тиллари кафедраси мудири Равендер Гаргеш. – Кафедрамиз аъзолари учун бу яхши имконият бўлди. Ўқитувчиларимиз хорижлик олимлар билан ўзаро мулоқотга киришиб, тажриба алмашмоқда. Ҳамкорликда Scopus ва Webof Science базаларида илмий мақолалар эълон қилиш, дарслик ва ўқув қўлланмалар нашр этишга келишиб олишди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири