Инфаркт ва инсультнинг олдини олиш юзасидан чора- тадбирлар бегилаб олинди
Юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлар инсон ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф туғдирувчи хасталиклар сирасига киради. Касалликни барвақт аниқлаш, хавф омилларини назорат қилиш, беморга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш кўп ҳолларда инсон ҳаётини сақлаб қолишда муҳим омил бўлади. Шу боисдан ҳам юртимизда мазкур йўналишдаги касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманганда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжумани Президентимизнинг 2026 йил 20 январдаги “Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва мавжуд вазифаларга бағишланди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар, шунингдек, вилоят шифо муассасалари, шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг филиаллари мутасаддилари иштирок этишди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эркинов Наманганда давлатимиз раҳбарининг қароридан келиб чиққан ҳолда, инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
Таъкидланганидек, “Инфаркт ва инсультга қарши курашиш” миллий дастури 2026 йил 1 майдан Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида, 1 октябрдан эса Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилди. 2027 йилдан дастурни бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич татбиқ этиш белгиланган.

Профилактикада 30 ёшдан ошган аҳолига алоҳида эътибор қаратилади. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида фуқаролар инфаркт ва инсульт хавф омиллари бўйича текширилади. Қон босими, қондаги қанд ва холестерин миқдори каби кўрсаткичлар назорат қилинади. Хавф гуруҳига кирувчи шахслар электрон реестрга олиниб, уларнинг ҳолатидан келиб чиқиб, соғломлаштириш чоралари белгиланади.
Касалликларнинг олдини олишда аҳоли хабардорлиги ҳам катта аҳамият касб этади. Инфаркт ва инсультнинг дастлабки белгилари, бундай вазиятда биринчи навбатда қандай ҳаракат қилиш ва тез тиббий ёрдамга мурожаат этиш зарурлиги ҳақида тушунтириш ишлари кучайтирилади. Инсульт аломатларини тез танишга ўргатувчи “Fast” алгоритми асосида таълим муассасаларида машғулотлар ўтказилиши ҳам белгиланган.

Шошилинч тиббий ёрдамда эса «олтин соат» тамойили устувор бўлади. Беморни аниқлашдан тортиб, уни ихтисослаштирилган муассасага етказишгача бўлган жараёнлар ягона клиник маршрутлар асосида ташкил этилади. Тез тиббий ёрдам бригадалари телеметрик электрокардиографлар билан жиҳозланади. Текширув натижаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш, тез ёрдам бригадаси ва шифохона ўртасида реал вақтда маълумот алмашиш имконияти яратилади.
Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказларида 24 соат ишлайдиган инфаркт ва инсульт бригадалари фаолияти йўлга қўйилади. Тромб эритувчи дори воситалари, стентлаш ва инсультда қон томир жарроҳлиги учун зарур сарфлов материаллари билан таъминлаш масаласи ҳам тизимли ҳал этилади.

Янги тизимнинг яна бир муҳим бўғини – тиббиёт ходимларининг амалий тайёргарлиги бўлиб, оилавий шифокорлар ва ҳамширалар, тез тиббий ёрдам бригадалари, туман ва вилоят шифохоналари мутахассислари учун инфаркт ва инсультни эрта аниқлаш, диагностика қилиш, тромболитик муолажаларни ўтказиш ҳамда шошилинч ёрдам кўрсатиш бўйича ўқувлар ташкил этилади. Хорижий мутахассислар иштирокида малака ошириш ва қайта тайёрлаш ишлари ҳам йўлга қўйилади.
Республика бўйича миллий дастурни амалга ошириш учун жорий йилда 240,5 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланган. Ушбу маблағлар тромб эритувчи дори воситалари, инсульт диагностикаси учун зарур жиҳозлар, стентлаш ва инсультда қон томир жарроҳлиги учун дори ҳамда сарфлов материаллари, тез тиббий ёрдам бригадаларини Т-ЭКГ ва мониторли дефибрилляторлар билан жиҳозлаш каби хайрли ишларга сарфланади. 2027 йилдан бошлаб ҳар йили давлат бюджетида миллий дастур тадбирларини молиялаштириш учун камида 280 миллиард сўм режалаштирилади.

Белгиланган чоралар натижаси ҳам аниқ кўрсаткичлар билан баҳоланади. 2030 йилга қадар инфаркт ва инсультдан госпитал ўлимни 40 фоиз, шифохонагача бўлган ўлимни 30 фоиз, касалликдан кейинги ногиронликни 30 фоизга қисқартириш мақсад қилинган. “Олтин соат”да шошилинч ёрдам кўрсатиш қамровини ўткир коронар синдромда 90 фоиз, ишемик инсультда 20 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Наманган вилоятида ҳам бу борадаги вазифаларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиш, аҳоли ўртасида профилактик ишларни кучайтириш, тиббий хизматнинг шошилинч ва ихтисослаштирилган бўғинлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар давом эттирилади.
Анжуманда инфаркт ва инсульт ҳолатларида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бундай вазиятларда тиббий ёрдам қанчалик тез кўрсатилса, беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва кейинги асоратларни камайтириш имконияти шунчалик юқори бўлади. Шу нуқтаи назардан, шошилинч тиббий ёрдам тизими, ихтисослаштирилган бўлимлар ва диагностика хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Вилоятда тиббиёт муассасаларида беморларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш учун яратилган шароитлар, замонавий диагностика имкониятлари ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар ҳақида ҳам журналистларга батафсил гапирилди.
Шунингдек, даволаш тиббиёт масканларида рақамли технологиялардан фойдаланиш, тиббий хизматларни электрон шаклга ўтказиш, маълумотларнинг шаффофлиги ва беморларга қулайлик яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Зеро, рақамлаштириш нафақат вақтни тежаш, балки тиббий жараёнларни назорат қилиш, маълумотлар алмашинувини тезлаштириш ва хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Бинобарин, тиббиётдаги ислоҳотлардан муддао энг аввало, беморни оғир аҳволга тушгандан кейин даволаш эмас, балки касалликни илк босқичида аниқлаш ва унинг олдини олишдир.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга тегишли мутахассислар батафсил жавоб қайтардилар.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири