Индонезия БМТга мурожаат қилди
Индонезия Ливандаги БМТ муваққат кучлари (UNIFIL) таркибида хизмат қилаётган уч нафар индонезиялик аскарнинг ўлими ортидан БМТ тинчликпарварлари учун хавфсизлик кафолати таъминланишини талаб қилди, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Сугионо.
- Тинчликпарварлар учун хавфсизлик кафолатланиши шарт, чунки улар осойишталикни сақлайдилар, - дея “Antara” ахборот агентлиги мулозимнинг сўзларидан иқтибос келтирган.
Сугионо мазкур миссия ва “тинчликни таъминлаш амалиёти” ўртасидаги туб фарқни келтириб, БМТ кучлари жанговар эмаслигини таъкидлади. Ливандаги вазият БМТ ходимларига хавф туғдирмаслиги кераклиги, тинчликпарварлар учун хавфсизлик кафолати мутлақ талаб эканини таъкидлади. Шунингдек, у БМТни миссия жойлашган ҳудудларида хавфсизлик тартиб-қоидасини ҳар томонлама кўриб чиқишга чақирди.
- Биз БМТдан тинчликпарвар кучлар қаерда жойлаштирилишидан қатъи назар, айниқса “UNIFIL”да уларнинг хавфсизлиги қайта кўриб чиқилишини сўраймиз, - деди Сугионо.
Аввалроқ Индонезия уч нафар ҳарбий хизматчиси - капитан Зулмий Адития Искандар, биринчи сержант Муҳаммад Нур Эҳвон ва капрал Фахризол Ромадхоннинг ўлимига сабаб бўлган ҳужум муносабати билан БМТ Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғилиши чақирилишини сўраган эди.
Жакарта ҳужумни кескин қоралаб, батафсил тергов ўтказиш талаби билан чиққан.
С.Раҳимов, ЎзА