Имзо йиғиш тадбирлари жадал кетмоқда
Сайлов қонунчилигимизнинг муҳим талабларидан бири сиёсий партиялар ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплашидир. Кеча, 1 августдан бошлаб партиялар томонидан бутун мамлакатимиз бўйлаб имзо тўплаш жараёни бошлаб юборилди.
Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси ҳам ўз хайрихоҳлари орасида партияни қўллаб-қувватловчиларнинг имзосини йиғишга киришди. Партия матбуот хизматининг маълум қилишича, Экопартия ташкилотлари аҳоли гавжум жойларда партия мақсадларига хайрихоҳ бўлган юртдошларимизнинг имзоларини тўплаш ишларини қизғин бошлаб юборди.

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида ўтказилган имзо йиғиш жараёнида кексалар, ёшлар, хотин-қизлар, турли соҳа вакиллари фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Экологик партиясини қўллаб-қувватлаган ҳолда имзо варақаларини тўлдирдилар.
***
«Миллий тикланиш» демократик партияси фаоллари ҳам имзо тўплаш жараёнига алоҳида масъулият билан ёндашмоқда. Жумладан, партиянинг Тошкент шаҳар ва туман кенгашлари томонидан бу борадаги ишлар жадаллик билан олиб бориляпти.

Пойтахтимиздаги "Magic City" оилавий кўнгилочар боғи ҳамда Сеул кўчасида ўтказилган ана шундай тадбир олдидан шаҳарликлар ва шаҳар меҳмонларига «Миллий тикланиш» партияси ҳамда бўлажак сиёсий жараёнининг мазмун-моҳияти хусусида тушунчалар берилди.
Имзо йиғиш жараёнида фаол, ташаббускор партия аъзолари кучига таянилмоқда. Жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг “Аёллар қаноти”, “Ёшлар қаноти” фаоллари бу жараённи ташкил этишда ташаббускор бўлмоқда.
***
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ушбу сайловда ўз номзодлари билан муносиб иштирок этишни мақсад қилиб, белгиланган намунадаги имзо варақаларини ҳудудий партия ташкилотларига етказди. Аҳолига қулай манзилларда партия ғояларига хайрихоҳ бўлган юртдошларимизнинг имзоларини тўплаш ишлари қизғин бошлаб юборилди.

Жумладан, партия вакиллари томонидан Фарғона ва Бухоро вилоятларида имзо тўплаш жараёнлари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Ушбу жараёнларда турли ёшдаги ва касбий фаолиятга эга фуқаролар кўнгилли равишда иштирок этди. Фуқаролар ўз имзолари билан партиянинг бу йилги сайловлардаги иштирокини қўллаб-қувватлаб, ўз муносабатини билдирмоқда.
Қайд этиш лозим, имзо йиғиш тадбирлари 15 августга қадар давом этади. Сиёсий партиялар камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаши лозим. Шундан ҳар бир маъмурий ҳудудда кўпи билан 8 фоиз сайловчининг имзоси йиғилиши керак.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА