Имтиёзлар изланишга ундайди
Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги “Гуласал зар сервис” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари сифати ва замонавий дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги “Гуласал зар сервис” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари сифати ва замонавий дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, айниқса, қишлоқ ҳудудларида замонавий корхоналар ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этаётир. Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.
– Тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик бизни янада самарали ишлашга ундамоқда, – дейди “Гуласал зар сервис” корхонаси раҳбари Ортиқ Холиқов. – Айниқса, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майда қабул қилинган фармони биз, тадбиркорлар учун айни муддао бўлди. Жумладан, тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, ривожланиш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш мақсадида ўттиз учта аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган комплекс дастур тасдиқланди.
Жорий йилнинг иккинчи чорагида иш бошлаган корхона Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкнинг Зарафшон шаҳар филиалидан олинган қарийб 60 миллион сўм кредит эвазига замонавий тикув машиналари келтириб ўрнатди. Айни пайтда йигирмадан зиёд хотин-қиз меҳнат қилаётган корхонада 30 дан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда тайёрланаётган аёллар, болалар ва эркаклар либослари ҳамда махсус ишчи кийимлар қисқа фурсатда бозорда ўз ўрнини топиб улгурди.
Ишчиларининг аксарияти ёшлар бўлган корхонада самарали меҳнат қилиш учун барча шароит яратилган.
– Зарафшон компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежини битирганман, – дейди ишчи Зуҳра Исмоилова. – Биз тайёрлаётган миллий ва замонавий услубдаги кийим-кечаклар харидорларга манзур бўлаётганидан жуда хурсандмиз.