Имтиёз ва имкониятлар самараси
Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фермерлик ҳаракатини етакчи кучга айлантириш, қишлоққа саноатни олиб кириш, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, энг муҳими, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришдек олижаноб мақсадларга хизмат қилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фермерлик ҳаракатини етакчи кучга айлантириш, қишлоққа саноатни олиб кириш, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, энг муҳими, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришдек олижаноб мақсадларга хизмат қилмоқда.Пойтахтимизда анъанавий ўтказиб келинаётган Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси хорижликларнинг юртимизда етиштирилаётган толага қизиқишини ошириб, биз, фермерларни янада кўпроқ изланишга, маҳсулот сифатини муттасил ошириб боришга ундамоқда. Бу жараёнда нав танлаш, ғўза парвариши ва ҳосилни йиғиб-териб олишда фермерларга ҳар томонлама кўмак берилаётгани, меҳнатимиз муносиб рағбатлантирилаётгани ютуқлар омили бўлмоқда. Бир пайтлар пахтачиликдаги ютуқлар рақамлар билан белгиланган бўлса, бугун олинган соф фойда билан ўлчанаётир. Мустақилликдан илгари пахтанинг ўзи қимматбаҳо хомашё сифатида “оқ олтин” деб, мадҳ этилса-да, пахтакорнинг меҳнати қадрланмас, турмуши қандай бўлаётгани ҳақида умуман ўйланмас эди. Деҳқонларимизнинг йил-ўн икки ой даладан бери келмай етиштирган хомашёси юртимиздан олис ўлкаларга ташиб кетилар, тайёр маҳсулот сифатида ўзимизга бир неча баробар қимматига қайтарилар эди. Энди у мамлакатимизда қайта ишланиб, рақобатбардош, сифатли ва арзон маҳсулотлар таёрланаётганидан фахрланамиз.
Ер-мулк эгаси, фермер сифатида мустақил иш бошлаганимизга 26 йил тўлди. Дастлабки йилларда чигит экиш, ғўзага ишлов бериш, йиғиб олинган ҳосилни қабул пунктларига етказиб беришда қийналганмиз. Чунки техникамиз йўқ эди. Минерал ўғит, ёқилғи таъминотида ҳам муаммолар кўп эди. Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, айниқса, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пахта ва ғалла етиштириш билан чекланиб қолмасдан, чорвачиликни ҳам йўлга қўйдик.
Ихчам ускуналар ёрдамида аввал турли озиқ-овқат экинлари қадоқлаш, кейинчалик сут ва гўштни қайта ишлашни ўзлаштирдик. Олинган даромад ҳисобидан зарур техникалар харид қилдик. Президентимизнинг оқилона сиёсати қаддимизни тиклаб, фермерлик ҳаракатининг афзалликларини кенг намоён этишда катта далда бўлди. Фермерлик ҳаракатига қўшилган илк йилларда уч гектар ерда ишлаган бўлсак, ҳозир уч юз гектарга яқин экин майдонида ғалла ва пахта етиштираяпмиз. Ерни ҳайдаш, текислаш, культивация қилиш, ҳосилни ташиш учун техникаларимиз етарли. Тижорат банкининг имтиёзли кредит маблағидан фойдаланиб, замонавий хориж технологияси ёрдамида гўшт ва сутни қайта ишлайдиган корхоналар ташкил этдик. Яратилаётган бундай имкониятлардан руҳланиб, ўз маблағимиздан умумтаълим мактаби, болалар спорти иншооти, ёш оилалар учун турар-жой бинолари ва бошқа ижтимоий объектлар қуриш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшмоқдамиз. Бундан фахрланамиз.
Анъанавий ўтказилаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг мамлакат босқичида иштирок этиб Президентимиз соврини “Matiz” автомашинаси билан тақдирландим. Бошим кўкка етди. Ахир собиқ тузум даврида умрини далага бағишлаган мендек оддий деҳқоннинг бундай ғамхўрликлардан баҳраманд бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи қийин эди-да.
Эндиликда фермерларнинг шаҳарникидан қолишмайдиган намунавий уйларга буюртма бериб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобилларни харид қилаётгани ҳам, жаҳон бозорида пахтамизнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб, хорижлик мутахассислар, эксперт ва қайта ишлаш корхоналари қизиқиши кучайиб бораётгани ҳам кўрсатилаётган ана шундай эътибор ва яратилаётган имтиёзлар самарасидир.
Фермерлар ва селекционер олимларнинг ҳамкорлиги ғўза навларини танлаш, жаҳон бозорида рақобатбардош, сифатли тола етиштиришга хизмат қилмоқда. Икки йилдан буён ғўзанинг “Султон” навини парваришлаб, мўл ҳосил олмоқдамиз. Бу нав толасининг сифати, ҳосилдорлиги, маҳаллий иқлимга мос ва эртапишарлиги, саноатбоп ҳамда касалликка чидамлилиги, чаноғининг бошқа ғўза навларига нисбатан оғирлиги-ю, чигитининг йириклиги билан ажралиб туради. Ўтган йили ҳар гектар майдондан 40 центнердан ҳосил олган бўлсак, бу йил ҳосилдорликни 45 центнерга етказдик. Ҳозиргача давлат қабул пунктларига қарийб беш юз тонна сифатли хомашё топширдик. Шу кунларда йиғим-терим ишларини якунлаш арафасидамиз.
Куз фаслида бепоён кенгликларни оппоқ нурга буркайдиган пахтамизни тинч ва обод юртимизнинг мусаффо осмонига ўхшатаман. Шу боис, уни меҳр билан парваришлаб, улкан хирмонлар яратамиз. Хўжалигимиз ишчилари ўзларининг машаққатли меҳнати ана шу хирмонга муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши, юртимизнинг йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз турмуш фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилишидан фахр-ифтихор туяди. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида инсонни улуғлаш, унинг меҳнатини қадрлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.