Имтиҳонлар қизғин паллага кирди
Шу кунларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида касбий (ижодий) имтиҳонлар қизғин паллага кирди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2024-2025 ўқув йили учун университет, Нукус ва Фарғона филиалларига жами 2 858 та квоталар ажратилган. Жумладан, кундузги таълимга жами 1 минг 709 та, сиртқи таълимга эса жами 1 минг 149 тадир. Бундан ташқари, магистратура мутахассисликлари бўйича жами 24 та квота ажратилиши режалаштирилган.
Кундузги ва сиртқи таълим йўналишлари бўйича жами 45 та йўналишда касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда. Барчаси адолатли ва шаффоф ташкил қилиш бўйича электрон баҳолаш тизими йўлга қўйилди. Айниқса, инсон омили билан боғлиқ бўлган коррупция ҳолатларига чек қўйилди. Абитуриент имтиҳон топширган вақтининг ўзида унинг олган баллари электрон тизимда кўринади.
Хусусан, 2024-2025 ўқув йили қабули бўйича мазкур олийгоҳ спорт базаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар спорт мактаблари, федерациялар спорт базаларида касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилмоқда.
[gallery-18283]
Шу кунгача умумий спорт турларидан белгиланган синовлар якунига етди. Қолган спорт турлари бўйича режалаштирилган спорт базаларида имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.
Адаптив жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича имтиҳонлар 2024 йил 18 июлгача давом этади. Умумий ҳисобда жами 3 минг 485 нафар абитуриентдан 1 минг 174 нафари қатнашди, касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича имтиёзга эга спортчилар 71 нафарни ташкил этади. Мазкур жараёнлар адолатли ва шаффоф ҳолда ташкил этиш мақсадида университетда барча зарурий чоралар кўрилган.
Жумладан, барча имтиҳон жараёнлари видеокузатув камералари ёрдамида ёзиб олиниб, университет расмий веб-сайтида онлайн тарзда намойиш этилмоқда. Шу билан бирга, ота-оналарга кузатиш учун зарур шароитлар қилинган.
ЎзДЖТСУ ректори Рашид Маткаримов имтиҳон жараёнларини кузатди. Ёшлар ва мутахассислар билан суҳбатлашди.
Касбий (ижодий) имтиҳонлар 18 июлга қадар давом этади.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат),ЎзА.