“Imran palace” меҳмонларга ўз эшикларини очди
Мамлакатимизда туризм йўналиши бўйича кенг кўламли ишлар бошлангани сир эмас. Бу жараёнда янги меҳмонхоналар ва замонавий лойиҳалар муҳим ўрин тутиши ҳам бор гап. Республикамизнинг барча ҳудудлари қатори Наманган вилоятида ҳам бу борада кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Давлатобод туманида ўз фаолиятини бошлаган “Imran palace” меҳмонхонаси ҳам вилоят туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилувчи янги масканлардан бирига айланди.

Меҳмонхонанинг очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов хизмат кўрсатиш соҳаси вилоят иқтисодиётида алоҳида аҳамиятга эгалиги, аҳолининг бандлиги ва даромадларини оширишга салмоқли ҳисса қўшаётганлиги, янги меҳмонхоналарнинг очилиши эса сервис соҳасининг янги босқичга кўтарилганидан далолат эканлигини таъкидлади.

15 миллиард сўмлик инвестиция маблағи ҳисобига барпо этилган янги меҳмонхона замонавий архитектураси ва юқори даражадаги қулайликлари билан ажралиб туради. Уни қуришда 3 миллиард сўмлик банк кредити жалб қилинган бўлиб, илк босқичда 70 ўринли 35 хона ишга туширилди. Натижада, 20 киши доимий иш билан таъминланди.

“Imran palace”да нафақат хорижий ва маҳаллий сайёҳлар, балки ишбилармонлар, халқаро ҳамкорлар ва водийга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун ҳам қулай шароитлар мавжуд. Меҳмонхона замонавий дизайни, юқори сифатли хизматлари ва қулай жойлашуви билан диққатга сазовор.

– Наманган вилоятида туризм соҳасининг жадал ривожланиши хизмат кўрсатиш инфратузилмасининг кенгайишига туртки бермоқда, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, бундан етти йил аввал, вилоятда 13 меҳмонхона ва хостел фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунга келиб, уларнинг сони 45 тага етди. Жорий 2025 йил якунига қадар яна иккита, 120 ўринли меҳмонхона фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Дарҳақиқат, бундай истиқболли лойиҳаларнинг ишга туширилиши мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатиб, туризм хизматлари сифатини ошириш, муҳими аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА