Қиморбозга карантин кор қилмайдими?
Навоийда карантин қоидаларини қасддан бузган қиморбозлар қўлга олинди.
Навоийда карантин қоидаларини қасддан бузган қиморбозлар қўлга олинди.
Жорий йил 8 апрель куни кечки соат 21:40 да Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан Кармана тумани ҳудудида тезкор-профилактик тадбир ўтказилди.
Тезкор тадбир давомида аниқландики, Кармана туманида истиқомат қилувчи 1960 йилда туғилган 4 нафар фарзанднинг отаси Ф.М. ўзининг яшаш хонадонида қиморхона ташкил этиб, таваккалчилик асосида қурилган ўйинга танишлари П.Б., А.Ж., О.Э. ҳамда В.Ш.ларни жалб этган ҳолда, карантин қоидаларини кескин тартибда бузиб, мўмай пул эвазига қимор ўйинини ўйнаш жараёнида далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Қимор ўйини даврасида тикилган умумий қийматдаги 3 миллион 712 минг 500 сўм пул маблағлари ҳамда 7 дона ўйин карталари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилди.

Шунингдек, В.Ш. бошқарувида бўлган “Дамас” русумли автомашина жарима майдончасига жойлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан, яшаш хонадонида қиморхона ташкил этганлиги сабабли Ф.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси билан, қимор ўйинининг иштирокчилари ҳисобланган П.Б., А.Ж., О.Э.ҳамда В.Ш.лар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191 ҳамда 54-моддаларига асосан тегишли тартибда жавобгарликка тортилди.
“Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам”, – қабилида иш юритган қоидабузарларнинг бундай номаъқул хатти-ҳаракати ҳар қандай кишининг энсасини қотириши табиий ҳол. Фуқароларга карантин қоидасига амал қилиш қонун доирасида қатъиян белгиланган айни пайтда ўзининг ҳамда оиласининг саломатлигига юзаки қараётган, халқимиз таҳликали жараённи бошдан кечираётган паллада томошабин сифатида қонун бузиш ҳолатларини қасддан содир этаётган шахсларни ҳеч қандай изоҳ билан оқлаб бўлмайди.
Энг ачинарлиси 3 ва 4 нафардан фарзандларнинг отаси бўлган бу қиморбоз оила бошлиқлари орасида ҳатто олий маълумотли, ўқимишли инсоннинг ҳам борлигини қандай изоҳлаш мумкин?!