Кейинги йилларда буюк аждодларимизнинг ҳаёт йўли, уларнинг маърифий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг   “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори улуғ боболаримиз руҳини шод этиш, улар меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, сўнгги қўним топган табаррук масканларини обод этиш борасидаги савобли ташаббуслардан яна бири бўлгани аниқ.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирди. 

– Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Бухоро, Термиз, Насаф, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Урганч каби йирик шаҳарлари ўрта асрларда илм-фан ва маърифат марказларига айланган эди. Бу шаҳарларда бир неча юзлаб олиму уламолар табиий, ижтимоий ва диний фанлар билан машғул бўлган. Улардан минглаб ноёб қўлёзмалар мерос бўлиб қолган.

Айни вақтда мазкур шаҳарларда мусулмон уламолари дафн этилган бир неча ўнлаб табаррук зиёратгоҳлар ҳам пайдо бўлди. Шундай улуғ масканлардан бири бу Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристонидир. Бу ерда кўплаб олиму уламолар дафн этилганларки, шу туфайли бу қабристон қадимданоқ, “илмлар макони”, дея ном олган.

“Чокардиза” номи анчайин қадимий бўлиб, манбаларда ёзилишича, бу манзилда чокарлар, яъни лашкарлар қўрғони мавжуд бўлган. Кейинчалик бу ном шу манзил ҳамда бу ердан оқиб ўтган ариққа ҳам кўчиб ўтган.

Тарихчи сайёҳлар Истахрий ва Мақдисийлар Самарқанд шаҳрини сув билан таъминлаган Чокардиза ариғи исломгача бўлган даврларда барпо қилинганини ёзишган.

Чокардиза қабристони ва унга дафн этилганлар ҳақидаги маълумотларни, асосан “Кичик Қандия” ҳамда Абу Тоҳирхожанинг “Самария” китобларидан олиш мумкин. Уларда ёзилишича, Чокардиза қабристони Самарқанд шаҳрининг кунчиқар томонида жойлашган. Бу ер қабристонга айланишидан олдин Имом Абу Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Самосий Мутаваийнинг боғи бўлган. Мутаваий вафот этгач, ўз боғига дафн этилган. Ундан кейин имом Абу Мансур Мотуридий дафн этилган ва шу тариқа бу манзилда самарқандлик машҳур олиму уламолар, азиз-авлиёлар дафн этиладиган табаррук қабристон пайдо бўлди.

Чокардиза қабристонига X асрнинг ўрталарида Имом Абу Мансур Мотуридийнинг дафн қилиниши ушбу хилхонанинг нуфузини жуда ошириб юборди. Бу ерда олиб борилган археологик тадқиқотларнинг кўрсатишича, алломанинг қабри устига XI-XII асрларда улуғвор мақбара ва масжиддан иборат мажмуа барпо қилинган. Буни Афросиёб шаҳарчасининг жанубий девори ёнида барпо қилинган Қусам ибн Аббос мажмуасига ўхшатиш мумкин. Буни у ерда топилган сирланган ва сирланмаган сопол безаклар, қурилиш материалларининг қолдиқлари яққол кўрсатиб турибди. Афсуски, бу иншоотлар Самарқандда XIII асрда юз берган мўғуллар босқини пайтида вайрон бўлган.

Чокардиза қабристони ҳақида ёзган барча тадқиқотчилар бу ерда Абу Мансур Мотуридий қабрининг ғарбий томонида “Муфтийлар ҳазираси” бўлгани ва бу ерга 444 муфтий дафн қилинганини қайд этишади. Бу хилдаги ҳазиралар одатда XV-XVI асрларга мансуб бўлиб, уларнинг тўрт томони пишиқ ғиштлар билан ўралган, кириш фақат биргина дарвоза орқали амалга оширилган. Бухоро шаҳри ва унинг атрофларида ҳам кўплаб шундай ҳазиралар барпо қилинган. Муфтийлар ҳазирасининг ташқарисида Шайх Абу Бакр Бухорий, Шайх Абулқосим Самарқандий, Хожа Баҳрий Пешоварий, Хожа Рашид, Хожа Дуридкаш, Мавлоно Мансур Зоҳид чармгар ҳамда Шайх Обрезларнинг ҳам қабрлари борлиги зикр этилган.

Тарихий манбаларда ёзилишича, Чокардизадаги “Муфтийлар ҳазираси”нинг жанубий томонида чиллахона мавжуд бўлиб “Ошиқлар ғори” дейилган. Қабристонга келган зиёратчилар ушбу масканни зиёрат қилган.

Чокардиза қабристонининг мақоми шу даражада баланд эдики, унда Самарқанднинг кўплаб улуғлари ётишни орзу қилар эди. X асрларда шакллана бошланган ушбу қабристонга XIV-XVII асрларда ҳам нуфузли инсонларни дафн этиш анъанаси давом этган. Тарихий манбаларда тилга олинишича, Амир Темур ва темурийлар даврида Ҳирот ва Машҳаддан Самарқандга таклиф этилган кўпгина саййидларнинг қабрлари шу ердадир.

Чокардизага дафн этилган олиму уламолар орасида Найсобурий, Астрободий, Бухорий, Хўжандий, Чимкентий, Насафий, Кушоний, Хўқандий, Қатвоний, Шоший, Марғилоний, Иштихоний ва Каробисий, Ўзгандий каби нисбаларга эга зотлар бор. Бу ҳолат ўрта асрларда Самарқандга турли шаҳарлар ва қишлоқлардан кўплаб толиблар илм истаб келгани ва шу табаррук тупроқда олим бўлиб етишганини англатади.

2000 йилларга келиб Чокардиза қабристони яна одамларнинг эътиборига тушди. 1999 йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси улуғ ватандошимиз имом, шайх, калом илмининг етук вакили Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1130 йиллигини кенг нишонлаш ва Чокардиза қабристонидаги алломанинг қабри устига муҳташам мақбара қуриш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу вазифани бажариш Ўзбекистон Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Археология институтига топширилди. 2000 йилнинг бошида институтда махсус бўлинма тузилиб, тадқиқот ишлари бошлаб юборилди.

Археологлар Имом Мотуридий қабрини аниқлаш мақсадида Чокардиза қабристони деб тахмин қилинган манзил, яъни Ғиждувон кўчасига келганларида, бу ерда кўчалар ва ҳовлиларгина мавжуд бўлиб, қабристондан ном-нишон йўқ эди.

Бундай мушкул вазиятда бир неча тадбирларни қўллашга тўғри келди. Биринчи навбатда, Самарқанд шаҳрининг XIX-XX асрларга оид топографик харитаси ҳар томонлама ўрганиб чиқилди.

Иккинчидан, то 1950 йилларгача, Бухоро ва Ғиждувон кўчаларида яшаган, ҳозирда бошқа маҳаллаларида яшаётган кишиларни бу ерга тўплаб, уларнинг хотиралари, кўрсатмаларини ўрганишга қарор қилинди. Бу тадбирларнинг натижасида, Имом Мотуридийнинг қабри Ғиждувон кўчасидаги 2-уйнинг ҳовлисида бўлган, деган фикрга келинди ва илк қазиш ишлари бошланди. Археологик тадқиқотлар бир неча шурф, траншея ва қазишмалар шаклида олиб борилди. Қазишмалардан шу нарса аниқ бўлдики, бу ер IV асрларда ўзлаштирилган бўлиб, X асрдан бошлаб қабристонга айлантирилган.

“Кичик Қандия” ва “Самария” китобларида айтилишича, Чокардиза қабристони қадимда жуда обод бўлган. Қабристон атрофи деворлар билан ўралган, қабристон ичида серсоя дарахтлар, улкан ҳовуз бўлган. Абу Мансур Мотуридий қабри яқинида эса масжид барпо қилинган. Ёғингарчиликлар пайтида зиёратчиларга ноқулайлик бўлмаслиги учун тошлар ётқизилиб, махсус йўлаклар қилинган. 2000 йилги археологик қазишмалар пайтида бундай йўлаклар қайд этилган. Бир сўз билан айтганда, ушбу қабристон бу ерга дафн қилинган марҳумларнинг обрў-эътиборлари, хотираларига мос равишда тоза-озода, обод ҳолатда сақланган.

XX асрнинг ўрталарига келиб, Чокардиза қабристони тугатилиб, унинг ўрни маҳаллаларга бўлиб берилган. Шу тариқа, қабристон ўрнида маҳалла пайдо бўлган.

2000 йилда имом Абу Мансур Мотуридий таваллудига 1130 йил тўлиши муносабати билан алломанинг ҳаёти, ижоди, меросини ҳар томонлама ўрганиш, унинг қабри устига мақбара ўрнатиш ишлари йўлга қўйилди. Натижада, Чокардиза ўрнига XX асрнинг 50-йилларида қурилган ноқонуний айрим ҳовли-жойлар кўчирилиб, археологик тадқиқотлар олиб борилди. Имом Мотуридий қабри аниқланиб, унинг устига ҳашаматли мақбара бунёд қилинди. Қабристон ҳудуди ободонлаштирилиб, табаррук зиёратгоҳга айлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эса нафақат Имом Мотуридий илмий мероси, балки у зот мангу қўним топган қадим зиёратгоҳ – Чокардиза қабристони ҳудудига ҳам алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда. Қарорда Самарқанд шаҳридаги Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш вазифаси белгиланган. Шу жиҳатдан, Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристонида археологик тадқиқотларни давом эттириш, ҳамон турар-жойлар тагида қолиб келаётган табаррук қабрларни излаб топиш, бу кўҳна қабристон ҳудудини батамом ҳовли-жойлардан тозалаб ободонлаштириш борасида ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. Яқин йилларда Чокардиза қабристони ўзининг асл ҳолига қайтарилиб, табаррук зиёратгоҳга айлантирилади ва шу орқали тарихий адолат қайта тикланади, деб умид қиламиз.

                                                             ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имом Мотуридий қабрини излаб ...