Имом Абу Исо ат-Термизий зиёратгоҳи Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган.

Буюк бобокалонимиз, машҳур муҳаддис Абу Исо ат-Термизий 824 йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида ўртаҳол оилада туғилган. Ат-Термизий ёшлигидан ўта тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлган. Илмга қизиқиши туфайли ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллаган. Ўз билимини ошириш борасида ат-Термизий кўпгина хорижий мамлакатларни зиёрат қилган.

Абу Исо ат-Термизий асарлари ҳозирда ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Унинг “Ал Жомиъ ас-сахиҳ”, “Аш-шамоил ан-набавиййа” каби асарлари катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, инсонларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шавқатли, ота-она, аёлларга нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди. Бу ибратли панд насиҳатлар ва ўгитлар халқимизни, жамиятимиз аҳлини айниқса, ёш авлодни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.

[gallery-8296]

Имом ат-Термизий 892 йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида вафот этган. Имом Абу Исо ат-Термизий дафн этилган жойда XI-XII асрларда мақбара бунёд этилади. Шеробод туманидаги ушбу мажмуа 1990 йили Имом ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан қайтадан таъмирланиб, зиёратгоҳга айлантирилди. Шунингдек, 1996 йилда Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан мақбарада таъмирлаш ишлари олиб борилди. Сағанаси ва ганчкори панжаралари қайта ўрнатилди. Ҳозирги кунда ёдгорлик бир-биридан равоқлар орқали ўтувчи 3 хона (бўлма)дан иборат яхлит бино кўринишида, хоналар тарҳи 4,3x4,5 метрни ташкил этади. Шимоли-шарқий тарзи айвон қурилиши муносабати билан кейинчалик тўсилган.

3 хонали бўлма мурабба тарҳли, улардан жанубий-шарқдагиси – гўрхона. Унда 3 поғонали мармар сағана бўлиб, муқарнас, нақш ва ёзувлар билан пардозланган. Сағана тоши, унинг матнлари, деворлар сувоғи, панжарасимон тўсиқлар ва меъморий нақшларнинг бошқа унсурлари 2000–2001 йиллардаги таъмирлаш ишлари натижасида амалга оширилган. Барча битиклар хивалик уста Соҳибназар Шомуродов томонидан амалга оширилган. 2001 йилда бу ерга навоийлик уста Ҳамдам Аҳрорхўжа ясаган мармар сағана ўрнатилди. Сағана шакли ва декорацияси кейинги темурийлар ва шайбонийлар даврларига ўхшаш сағаналарга тақлидан ясалган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2016-2017 йилларда Абу Исо ат-Термизий мажмуасида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, 450 ўринли масжид, таҳоратхона, ошхона, бешта шарқона айвонча ва учта шарқона дарвоза қурилди. Имом Термизий мақбараси қайта таъмирланиб, унинг ёнида қўшимча зиёратгоҳ қад ростлади.

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат), ЎзА

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имом Абу Исо ат-Термизий зиёратгоҳидан фоторепортаж