Имкониятлар изланишга ундайди
Фарғона вилоятида 18 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти самарали фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили тижорат банклари томонидан мазкур соҳа ривожи учун 812 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.
Фарғона вилоятида 18 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти самарали фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили тижорат банклари томонидан мазкур соҳа ривожи учун 812 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Ишнинг кўзини билган тадбиркор бугун тинч ўтирмайди. Янги бизнес лойиҳалар устида ишлайди. Шунга яраша даромад олишини, оиласи, ишчи-ходимлари фаровонлиги ошиши, пировардида эл-юрт равнақи юксалишини яхши билади. Бунинг учун юртимизда барча шароит ва имкониятлар яратилган.
Фарғона шаҳридаги “Тож” хусусий корхонасида 30 дан зиёд турдаги махсус либослар тайёрланиб, ички бозорга етказиб берилмоқда. 2014 йилда “Қишлоққурилишбанк” Фарғона вилояти филиалининг 100 миллион сўмлик кредити эвазига фаолият кўламини кенгайтирди. Технологик янгилаш ишлари корхонада қўшимча 20 янги иш ўрни ташкил этиш имконини берди.
– Ўтган йили буюртмачиларга 150 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берилди, – дейди корхона раҳбари Гулчеҳра Охунова. – Айни пайтда фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида қўшимча бино таъмирланиб, керакли жиҳозлар билан таъминланмоқда. Мазкур лойиҳа амалга ошгач, қўшимча 50 янги иш ўрни яратилади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор самарасида оилавий корхоналар сони тобора кўпаймоқда.
Ёзёвон туманидан Мавжудахон Қосимова тадбиркорлик фаолиятини бошлаганига унчалик кўп бўлмади.Қисқа вақтда муайян ютуқларни қўлга киритган тадбиркор бугунги кунда “Алижонов Аҳмадилло” оилавий корхонаси раҳбари. Оилавий корхонанинг сифатли, бежирим, энг муҳими, маҳаллий иқлим шароитига мос махсус ишчи кийимлари, спорт ва аёллар либослари бозорда аллақачон ўз харидорини топган.
– Ўндан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган корхонамизда асосан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ишламоқда, – дейди М.Қосимова. – Чевар қизларимиз томонидан бозорга сифатли ҳамда арзон маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Маҳсулотларимизга буюртмалар ортиб, ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётгани сабабли миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштиришга ҳаракат қилмоқдамиз.