Имконияти чекланган, бироқ имконсиз эмас
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё вилоятидаги сайлов участкаларида жисмоний имконияти чекланган сайловчиларнинг овоз беришда ҳеч қандай тўсиқларсиз иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада улар овоз бериш жараёнларида қатнашиб, ўз иродасини ифода этмоқда.
Ана шундай сайловчилардан бири Алишер Эшматов Қамаши туманидаги Навоий маҳалласида жойлашган 312-сайлов участкасига бориб, ўзи муносиб деб билган номзод ва партияга овоз берди.
Вилоятда 86 минг 259 нафар ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг асосий қисми А.Эшматов сингари сайлов участкаларига бориб, овоз беришда иштирок этди. Бунда улар учун барча сайлов участкаларига Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар етказилгани, овоз бериш хоналарига махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилгани, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар мавжуд бўлган сайлов участкаларига оптик лупалар етказиб берилгани, бинолар ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари ёки “ёрдамга чақириш” тугмаси билан жиҳозлангани муҳим аҳамият касб этди.
[gallery-20062]
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА