Имконият ва имтиёзлар самараси
Андижон вилояти Асака туманидаги “Libero Vita Biznes” масъулияти чекланган жамияти жорий йилнинг биринчи чорагида 150 минг долларлик трикотаж маҳсулотларини экспорт қилди.
Андижон вилояти Асака туманидаги “Libero Vita Biznes” масъулияти чекланган жамияти жорий йилнинг биринчи чорагида 150 минг долларлик трикотаж маҳсулотларини экспорт қилди.Президентимиз раҳнамолигида саноат корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда юксак самаралар бермоқда.
“Libero Vita Biznes” масъулияти чекланган жамияти ҳам яратилаётган бундай имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиб, замонавий дастгоҳ ва жиҳозлар келтириб ўрнатди. Маҳсулот сифати ва дизайнига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада корхона маҳсулотларига талаб ортиб, бозорда харидоргир маҳсулотлар қаторидан жой олди.
– Корхонада болалар, эркаклар ва аёллар учун 50 дан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрланмоқда, – дейди “Libero Vita Biznes” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилмурод Қурбонов. – Жорий йилнинг биринчи чорагида 150 минг доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган бўлса, ички бозорда 200 миллион сўмлик маҳсулот сотилди. Дастлаб, беш киши билан иш бошлаган корхонамиз ишчилари сони бугун 50 дан ошди. Уларнинг аксарияти ёшлардир. Корхонада “Устоз-шогирд” анъанаси асосида тумандаги қатор коллежлар ўқувчиларининг амалиёт ўташи йўлга қўйилган.
Эришилаётган муваффақиятларда илғор иш услубларини қўллаш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, ишчи-хизматчиларга муносиб меҳнат шароити яратилиши муҳим омил бўлмоқда.