Имконият ташаббусга қанот бағишлайди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида банк тизимида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида банк тизимида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.Тадбирда коллеж битирувчиларининг нафақат ишга жойлашиши, балки банк кредитлари эвазига ўз бизнесини йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратишлари анъанага айланиб бораётгани таъкидланди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, жумладан, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда. Ёшларга ажратилаётган сармоялар ҳажми йил сайин ортмоқда. 2014 йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини имтиёзли шартлар асосида молиялаштиришга 200,9 миллиард сўм, ёш тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар учун 322,4 миллиард, ёш оилаларга уй-жой сотиб олишга 234 миллиард сўм сармоя ажратилди. Олий таълим муассасаларида шартнома асосида билим олаётган талабаларга 68 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар берилди.
– Ўтган йили “Қишлоқ қурилиш банк”дан 5 миллион сўм имтиёзли кредит олгандим, – дейди “Бўстонлиқ-тош” хусусий корхонаси раҳбари, ёш тадбиркор Темур Абдуллаев. – Мазкур маблағ эвазига 10 мингта жўжа харид қилиб, парваришлашни бошладик. Яқин кунларда бозорга парҳез гўшт маҳсулоти чиқарамиз. Келгусида банклар билан ҳамкорликни янада ривожлантириб, фаолиятимни кенгайтириш ниятидаман.
Тижорат банклари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида коллежлар битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Жойларда ёшлар билан учрашувлар, кўргазмали семинарлар, танловлар ўтказилмоқда. Кам фоизли сармоялардан унумли фойдаланиш мақсадида пухта бизнес-режа тузаётган ёшлар сафи кун сайин кенгаймоқда. Ўтган йили “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловлари орқали олтмиш йигит-қиз 5 фоизли, икки юз нафари эса 10 фоизли имтиёзли сармоя олиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Дастлабки сармояни мақсадли ишлатган ёшлар келгусида банклардан яна молиявий мадад олиш имкониятига эга бўлади. Жойларда айнан ёшлар раҳбарлик қилаётган юзлаб корхона ва фирмалар ташкил этилиб, уларда тайёрланаётган маҳсулотлар ички бозоримизни тўлдиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ёш тадбиркорлар ўз ёнига тенгдошларини чорлаб, уларнинг ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқаришга кўмаклашмоқда. Ўтган йили 250 минг нафар йигит-қиз иш билан таъминлангани бунинг ёрқин исботидир.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, қишлоқ аҳолисини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, уларнинг маиший турмуш даражасини ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Намунавий лойиҳалар асосида замонавий турар жойлар, ҳар бир вилоятда ёш оилалар учун “Камолот” уйлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. 2014 йилда топширилган 50 ана шундай уйнинг қурилиши учун пудратчи ташкилотларга тижорат банклари томонидан 90 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Хусусан, “Қишлоқ қурилиш банк” ижтимоий ҳаётда фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашда қулай шароит яратиш мақсадида Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида учтадан уйларни қуриш учун 15,4 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратди. Жорий йилнинг май ойида фойдаланишга топшириладиган мазкур уйлар ёш оилаларга бошланғич бадал тўланмасдан 20 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг фоиз ставкада берилмоқда.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.