"Имкон қадар дўстларингизни йўқотманг!"
Самарқанд шаҳрида шу мавзудаги илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади. Анжуманда Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари адабиётшунос олимлари, тарихчилар, маданият ходимлари ва ижодкорлар иштирок этмоқда.
Унда Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, Тожикистон миллий академияси раҳбари Қобилжон Хушвақтзода, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир ва ёзувчи Фармон Тошев ва бошқалар икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатлари янада мустаҳкамланаётгани, бугун ҳар икки мамлакатда икки тилда ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар сафи кенгаяётгани ҳақида сўз юритдилар.


Азалдан бир минтақани Ватан билган қардош икки халқ бугун ҳам дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб келмоқда. Мазкур анжуман ҳам ўзбек ва тожик адабиёти, санъати ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.


– Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий каби буюк боболаримиз бошлаб берган маънавий ҳамкорликни кўплаб улуғ шоир ва ёзувчилар давом эттириб келмоқда,– дейди Тожикистон маданият ва маърифат вазири ўринбосари Давлат Сафаров. – Кейинги пайтларда ўзбек ва тожик халқлари ўртасида бир қатор йўналишларда ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Жумладан, адабиёт ва маданият соҳасида хайрли ишлар амалга ошириляпти. Бугун Самарқанд шаҳрида ташкил этилган анжуманга ўхшаш тадбирлар Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам ўтказилиши кўзда тутилган. Қолаверса, ўзбек ижодкорлари, санъат усталарини юртимизга таклиф қиламиз.
Конференция икки кун давом этиши ва унинг доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари