Илон Маск ғояси танқид қилинмоқда
Британиялик астрофизик Мартин Рис Дубайда бўлиб ўтган жаҳон ҳукуматлари саммитида сўзга чиқиб SpaceX компанияси асосчиси Илон Маскнинг 2050 йилгача Марсга миллион кишини жўнатиш режасини танқид қилди.
«Маск ғояси хавфли хато ҳисобланади. Марсда яшаш Жанубий қутб ёки Эверест чўққисида яшашдан ҳам баттар», – дея унинг сўзларини келтиради Sky News.
Ўз навбатида, яна бир олим, америкалик астрофизик Нил Деграсс Тайсоннинг таъкидлашича, Марсда яшаш мумкин бўладиган қулай шароитни яратиш учун одамлар уни Ерга айлантириши лозим. Шунингдек у, Ерда бўлиши мумкин бўлган ҳалокатдан омон қолиш умидида бошқа сайёрага кўчиб ўтиш ҳозир ҳақиқатдан анча йироқ масала эканини ҳам айтиб ўтди. Олимнинг фикрича, ҳозирги шароитда одамзотга Марсда ҳаёт кечириш учун мақбул шароитни яратишдан кўра, Ердаги ҳалокатни бартараф қилиш осонроқ.
Шундай бўлсада, Тайсон коинотдан илҳом олаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлаган.
Илон Маск 2050 йилгача Марсга миллион кишини жўнатишни режалаштираётганини маълум қилган эди. Шунингдек, SpaceX Қизил сайёрага сунъий йўлдош, экипаж ва юкларни етказадиган транспорт тизими устида ҳам иш олиб бормоқда.