Илоҳий ҳақиқатлар куйчиси
Шоирлар бироз синиқ, лекин покиза қалбли, чин ошиқ, софдил ва самимий, меҳр ва яхшиликка хайрихоҳ инсонлардир. Ёш ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мансур Жумаевни ҳам ана шундай илиқ сўзлар билан хотирлаш мумкин. Баҳор тобора яқинлашаётган шу кунларда у 34 ёшни қаршилаган бўлар эди...
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида истеъдодли ижодкорнинг "Ҳазрати ишқ" китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур анжуманга адабиёт мухлислари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар, шоирнинг оила аъзолари ва яқинлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожидин Саййид Мансур Жумаев адабиётимизга ўзига хос ижод услуби, ўз йўли, бетакрор овози билан кириб келганини таъкидлади.

– Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов Муҳаммад Юсуф ҳақида “шеърият боғига қумри қушдек хуш овози билан кириб келиб, тезда уни тарк этган шоир,” дер эдилар, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Мансур Жумаев ҳақида ҳам айнан шундай таърифни айтиш мумкин. Камтарин, камсуқум бу ижодкор шеъриятда ўз йўли, ўзининг бетакрор овози, ўз мухлисларига эга ижодкор эди.
–Дарҳақиқат, Мансур Жумаев қалби беғубор, маърифати юксак ижодкор эди, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли шоир Мирзо Кенжабек. – Мансур Жумаев ёзган “Арбаъин” ҳақида тўхталмоқчи эдим. Маълумки,«Арбаъин» сўзи «қирқ» дегани бўлиб, бу асарларда фазилатли амаллар, Ислом ахлоқига доир қирқта қисқа-қисқа ҳадислар шеърий тўртликлар шаклида ифода этилади. Мумтоз адабиётда Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий қирқ ҳадисни қўллаб “Арбаъин” тузган. Замонавий адабиётимизда ҳам Абдулла Орипов, Шукур Қурбон, Сирожиддин Саййид, Ғайрат Мажид каби шоирлар қирқ ҳадисни назмий шеърга солиб, “Арбаъин” яратганлар. Мансур Жумаев ижодига мансуб “Арбаъин” ҳам мазмунан теранлиги, гўзал бадиияти билан ана шу етук шоирларнинг ижод намунасидан асло кам эмас. Унинг сатрларида илоҳий ҳақиқатлар, маънавий-маърифий руҳ мужассам эди. Мансур Жумаев ўз овози, сози, маърифий руҳи билан адабиётда яшашга ҳақдор ижодкорлардан эди.

Янги китоб тақдимотига бағишланган анжуманда Мансур Жумаев шеърларида инсоний муҳаббат илоҳий ишқ учун кўприк вазифасини ўтагани эътироф этилди. Айни пайтда бу шеърлар хаста дилларга шифо бўлиши билан ҳам аҳамиятли.
Унинг шеърларида оналар, Ватан, инсонни улуғлашга ўзгача ёндашув, самимият, меҳр, ҳайрат, эркалик билан ёндашилганига адабиёт мухлислари кўп бора гувоҳ бўлганлар. Шоирнинг ижод намуналари жамланган “Ҳазрати ишқ” китобида муаллиф қаламига мансуб ана шундай бетакрор ижод намуналари жамланган. Унинг шеърларида ирфоний ғоялар, тасаввуфий оҳанглар яққол акс этади. Мансур Жумаев наинки шеъриятда, балки насрда ҳам муваффақиятли ижод қилган эди. Унинг қишлоқ ҳаёти, оддий ва жайдари одамлар, ҳаётнинг пасту баланди, турли мураккабликлари, синовлари ҳақидаги самимий, таъсирчан, ҳаётий ҳикоялари бунинг яққол исботидир.

– Мансур Жумаев ҳақида ҳар қанча яхши гаплар айтсак кам, – деди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шоди Отамурод. – Уюшмада ишлаш жараёнида наинки устозлар, балки барчага бирдек самимий, илиқ муомала, муносабатда бўлгани ибратлидир. Мансурга кўп эътирофларни айтиб улгурмадик. Бу, албатта бизлар учун ҳам армон бўлиб қолди...
Айтиш керакки, Мансур Жумаев 1991 йил 17 февралда Қашқадарё вилояти Миришкор туманида туғилган эди. Ижодкор Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетини тамомлаган.

Шоирнинг «Оқ орзуларим», «Ҳайрат қўшиқлари», «Ҳазрати ишқ», «Биз кутган фасл» шеърий тўпламлари чоп этилган. Асарлари инглиз, рус, турк, тожик, озарбайжон, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. У ҳар йили мамлакатимизда катта соғинч билан кутиб олинадиган Наврўз, Мустақиллик байрамларида ўз шеърлари билан фаол иштирок этарди. Айни пайтда ёшларни миллий адабиётимизга эҳтиром, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган “Ватан манзумаси”, “Шеърият хиёбони”, адабиёт ҳафталиклари, китобхонлик ва шеърият байрамларида Мансур Жумаев ўзининг ёрқин шеърлари билан мунтазам қатнашар эди.
Адабий анжуманда Мансур Жумаев ижоди, унинг “Ҳазрати ишқ” китоби хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова,
Аҳмаджон Эргашев (сурат)
ЎзА