– Мана дипломни ҳам олдик, энди филологмиз, лекин мактабга бориб ишлагим келмаяпти. Ўқитувчининг ойлиги, қадри қанақалигини биласизку. Мактабдан бошқа қаерда бўлса ҳам ишлайман, – деди университетни битириб қўлига диплом олган ёш мутахассис дугонасига қараб.

– Мен эса мактабга бориб ишлайман, ота-онамга, устозларимга яхши ўқитувчи бўламан, деб сўз берганман, – деди Гуландом ҳеч иккиланмай. – Биламан, муаллимлик қийин, лекин бизга сабоқ берган устозларимизнинг чеккан заҳмати учун ҳам қишлоққа бориб, болаларга дарс бермоқчиман.

Ана шу суҳбатга ҳам 23 йил бўлибди. Нарпай туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Гуландом Очилова 2001 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини муваффақиятли битирди. Билими яхши, ўқишни давом эттириб, илмий иш қилиши ёки бошқа соҳада ишлаши мумкин эди. Аммо у бундай йўл тутмади, ўзи айтганидек, қишлоғига қайтиб, мактабда ўқитувчилик қилишни танлади. Бахтга қарши ўша йили мактабда она тили ва адабиёти фани ўқитувчисига иш йўқ экан. “Ҳозирча ёшлар етакчиси штати бўш, истасангиз шу ерда ишлаб туринг, дарс соати бўлса, кейин ўқитувчиликка оламиз” деди директор. Шунда ҳам у аҳдидан қайтмади ва бир йил ёшлар етакчиси бўлиб ишлагач, кейин ўқитувчилик қила бошлади.

– Ўша пайтларда ўқитувчилик осон эмаслигини яхши билардим, – дейди олий тоифали ўқитувчи Гуландом Очилова. – Ойлик маошнинг камлиги, ўзимизнинг ишимиздан ташқари зиммамизга турли хил вазифалар юклатилиши, рости, ўқитувчиларни, ишдан совутиб юборганди. Шунинг учун энди мактабга ишга кирганимда айрим ўқитувчилар “қийналиб қоласиз-да, бошқа иш қилсангиз бўлмасмиди” деганлари ёдимда. Қишлоқ шароитида бошқа нима иш қилишим мумкин? Туманга қатнаб, бошқа бир идорада ишлашга имкониятим, қолаверса, хоҳишим ҳам йўқ эди. Қанчалик қийин бўлмасин, мақсадимдан қайтмадим, яхши ўқитувчи бўлиб, ўқувчиларга пухта билим бераман, уларни энг яхши мутахассис бўлишга йўналтираман, деб ўзимга сўз бердим. Менга дарс берган устозларимнинг тажрибаларини ўргандим. 

Гуландом Очилова она тили ва адабиётдан дарс бериш билан бирга, шу фандан тўгарак ташкил этди, танловлар уюштирди, ўқувчиларнинг истеъдодини юзага чиқаришга интилди. Мактабга оғриниб эмас, иштиёқ билан келар, ўқувчилардан ҳам шуни талаб қиларди. Унинг бу ҳаракатлари тез орада ўз натижасини бера бошлади. Ўқувчилари туман миқёсидаги танловлар, фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришди. Дарс ўтиш, ўқувчилар билан ишлаш услуби бошқа мактабларда оммалаштирилди. Ўқувчиси Исмигул Ҳасанова уч йил кетма-кет она тили ва адабиёти бўйича “Билимлар беллашуви” нинг туман босқичида биринчи ўринни эгаллади. 2012-2013 ўқув йилида шу ўқувчи танловнинг Самарқанд вилоят босқичида биринчи, республикада бешинчи ўринга сазовор бўлди. Устозининг айтишича, Исмигул ҳозир пойтахтда, университетни битириб, илмий иш қилаётган экан.

– Ўқувчиларимдан Тожиева Шаҳло бешинчи синфдан еттинчи синфгача “Билимлар беллашуви”да уч йил туманда биринчи, вилоятда эса бир марта учинчи, бир марта иккинчи ўринни эгаллаганди, – дейди Г.Очилова. –  Яна бир ўқувчим Неъматуллаева Мухлиса ҳам бир неча марта туманда ғолиб бўлганди. Ўтган ўқув йилида у вилоятда ҳам биринчи ўринни қўлга киритиб, республика босқичида иккинчи ўринга сазовор бўлди. Бу йил Тошкент давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга кирди. Ҳозир ҳам тез-тез гаплашиб турамиз, ўқишларини сўрайман, кўпроқ китоб ўқишини, интилишдан тўхтамаслигини айтаман. Устоз учун шогирдларининг муваффақияти, юқори натижаларга эришишидан катта бахт йўқ. Ана шундай пайтда барча чарчоқлар, қийинчиликлар чиқиб кетади. Қолаверса, бир ўқувчимнинг ютуғи унинг яна ўнлаб тенгдошларини руҳлантиради. Шунинг учун мактабимиз ўқувчилари она тили ва адабиёти фани бўйича туман, вилоят даражасидаги ижодий танловларда ҳам, албатта, совриндор бўлади. Бу ўқувчиларимизнинг фанга қизиқиши натижаси деб биламан.

Бугунги кунда Нарпайда маҳоратли она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари ҳақида гап кетса, Гуландом Очилова номи биринчилар қаторида тилга олинади. Танловларда бу ўқитувчининг шогирдлари қатнашаётган бўлса, бошқалар ҳушёр тортади. 

Шогирдлар ҳақида гап кетар экан, бугун ушбу мактабда ва бошқа таълим муассасаларида Г.Очиловадан сабоқ олиб, унга ҳавас қилиб, ўқитувчилик қилаётганлар бор. Муаллима уларнинг бир нечтаси, жумладан, Муҳайё Юнусова, Муборак Исаева, Ойсулув Тожинорова ҳамда катта қизи ўзи билан бирга ишлаётганини айтди.

– Бугун кўп одамлар ўқитувчилар Президент айтганидек, минг доллар маош оляптими, деб қизиқади. Ўзимдан ҳам шу ҳақда кўп сўрашади, – дейди Г.Очилова. – Аввало, шуни айтишим керакки, ўқитувчилик фидойиликни, тинимсиз меҳнат, ўқиш-изланишни тақозо этади. Шундай йўл тутсангиз, моддий манфаатдорлик ҳам шунга яраша бўлади. Ўқитувчига дарс учун, синф раҳбарлиги учун, тоифаси учун ва яна кўплаб бошқа мезонлар бўйича қўшимча, устама ва мукофот пуллари берилади. Ўқувчингиз олимпиада ва танловларда ғолиб бўлса ҳам сизга ҳақ тўлашади. Кейинги йилларда вазир устамаси бериляпти. Айтмоқчиманки, яхши меҳнат қилган ўқитувчи 1000 доллардан кам маош олмаяпти.

Гуландом Очиловадан “Шунча ютуқларингиз бор экан, қандай мукофотлар олгансиз?” деб сўраганимда муаллима “Ўқитувчи бўлиб элнинг фарзандларига сабоқ бераётганим, устоз деб аташлари энг катта мукофот, деб ўйлайман. Қолаверса, шогирдларимнинг муваффақиятларини кўриш, уларнинг миннатдорлигини эшитиш энг катта бахт” деб жавоб берди.

Ғ.ҲАСАНОВ, 

ЎзА мухбири

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илмли ўқитувчининг қадри ҳамма вақт баланд