Илмий тадқиқотларнинг амалий самарадорлиги оширилади
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 майдаги “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан илмий кадрлар тайёрлаш ва илмий даража бериш тизимида бир қанча муҳим ўзгаришлар бўлди.
Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Тадбиркорлик ва корпоратив ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси Умида Бекмирзаева қуйидагиларни маълум қилди:
–Сўнгги йилларда дунё иқтисодиётида технологик рақобат кескин кучайди. Сунъий интеллект, биотехнология, яшил энергетика, маълумотлар таҳлили ва киберхавфсизлик каби йўналишлар давлатларнинг глобал рақобатбардошлигини белгиловчи асосий омилларга айланди. Бундай шароитда илмий салоҳиятни кучайтириш ва илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш стратегик заруратга айланди. Ўзбекистонда ҳам илмий кадрлар тайёрлаш тизимида қатор тизимли муаммолар мавжуд эди.
Жумладан, докторантура жараёнларининг ортиқча маъмурий талаблар билан толиб-тошгани, илмий тадқиқотларнинг амалиёт билан суст боғлангани, ёш олимларни моддий рағбатлантириш механизмларининг етарли эмаслиги, илмий кенгашлар фаолиятида самарадорлик мезонларининг чеклангани ҳамда халқаро стандартларга мос илмий аттестация тизимининг тўлиқ шаклланмагани ачинарли ҳолат эди.
Мазкур фармон олий таълимдан кейинги таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, докторантура институтини модернизация қилиш, илмий тадқиқотларнинг амалий самарадорлигини ошириш ҳамда инновацион иқтисодиёт учун зарур бўлган янги авлод илмий кадрларини тайёрлашни мақсад қилган.
Фармоннинг энг муҳим жиҳати — илмий кадрлар тайёрлаш тизимини “формаллик” моделидан “натижадорлик ва инновация” моделига ўтказишга қаратилгани.
Ҳужжат қуйидаги стратегик мақсадларни амалга оширишга хизмат қилади. Илм-фанни иқтисодиётнинг реал сектори билан интеграция қилиш, устувор илмий йўналишларга давлат ресурсларини йўналтириш, докторантлар халқаро талаблар асосида илмий ишлар яратишларига шарт-шароитлар яратиш, илмий фаолиятни рақамлаштириш, илмий раҳбарлар ва илмий кенгашлар масъулиятини кучайтириш ҳамда илмий натижаларнинг амалий қийматини ошириш масалалари шулар жумласидан.
Фармон “Ўзбекистон – 2030” стратегияси билан бевосита уйғун ҳолда ишлаб чиқилгани ҳам бу ислоҳотларнинг изчил ва давомий эканини кўрсатади.
Биринчи навбатда фармонда илмий кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари тасдиқланди. Улар орасида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, киберхавфсизлик, атом ва яшил энергетика, биотехнология, агроинновациялар, иқлим ўзгариши, робототехника, нанотехнологиялар каби стратегик соҳалар мавжуд.
2026 йилдан бошлаб докторантура қабулининг камида 60 фоизи айнан ушбу устувор йўналишларга ажратилиши белгиланди. Бу ёндашув давлат илмий сиёсати “эҳтиёжга йўналтирилган илм-фан” моделига ўтказилётганини кўрсатади.
Кейинги муҳим ўзгариш докторантларни молиявий рағбатлантириш бўйича ҳам янги тизим жорий этилди.
Фармоннинг энг инновацион жиҳатларидан бири — “Лойиҳа доирасида илмий даража” дастурининг жорий этилиши. Мазкур ёндашув илмий даражага эга бўлиш жараёнини фақат назарий тадқиқот билан чеклаб қўймасдан, уни реал илмий ва инновацион лойиҳалар билан бевосита боғлашни назарда тутади. Дастурга кўра, докторантлар илмий фаолиятини амалий аҳамиятга эга бўлган тадқиқот лойиҳалари доирасида олиб боради, лойиҳа раҳбари бир вақтнинг ўзида докторантнинг илмий раҳбари вазифасини ҳам бажаради ҳамда диссертация мавзуси ва тадқиқот натижалари лойиҳа мақсадлари билан узвий боғланади. Натижада илмий изланишлар фақат назарий билимларни бойитишга эмас, балки муайян муаммо ёки вазифага ечим топишга ҳам хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, “Лойиҳа доирасида илмий даража” дастури Ўзбекистонда докторантура тизимини классик академик моделдан илм-фан, инновация ва амалиёт интеграциясига асосланган замонавий моделга ўтказиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланиши мумкин.
Шунингдек, фармон эълон қилинганидан сўнг жамоатчилик ва академик доираларда энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири илмий кадрлар тайёрлаш ва аттестация қилиш тизимидаги қатор бюрократик талабларнинг қайта кўриб чиқилгани ҳамда айримларининг бекор қилинганидир.
Хусусан, айрим устувор илмий йўналишлар бўйича докторантурага қабул қилиш кириш имтиҳони ўрнига илмий тадқиқот лойиҳаси тақдимоти асосида амалга оширилиши назарда тутилган.
Фармон билан илмий даража бериш жараёнидаги қатор ортиқча маъмурий ва процессуал босқичлар ҳам бекор қилинмоқда. Жумладан, чет тили бўйича малакавий имтиҳон топшириш, диссертация авторефератини чоп этиш, диссертацияни етакчи ташкилотда муҳокамадан ўтказиш, Олий аттестация комиссияси эксперт кенгашлари томонидан қўшимча экспертизадан ўтказиш ҳамда илмий кенгаш қарорларини ОАК томонидан якуний тасдиқлаш каби амалиётлардан воз кечилмоқда.
Мазкур ўзгаришлар илмий кадрларни танлаш, тайёрлаш ва аттестация қилиш жараёнида формал талаблар ва ортиқча бюрократик механизмлардан кўра илмий салоҳият, тадқиқот сифати, илмий янгилик ва амалий натижаларга устувор аҳамият беришга қаратилгани билан аҳамиятли. Натижада докторантурага қабул қилиш тизимида ҳам, илмий даража бериш жараёнида ҳам сифатга асосланган танлов механизмлари кучайиши, илмий ишларни кўриб чиқиш муддатлари қисқариши ҳамда тадқиқотчиларнинг асосий эътибори ҳужжатлаштириш жараёнларига эмас, илмий изланишлар мазмуни ва натижаларига қаратилиши кутилмоқда.
2027 йилдан бошлаб илмий даража берувчи илмий кенгашлар фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизими жорий этилиши ҳам фармоннинг муҳим янгиликларидан бири. Мазкур тизим илмий кенгашлар фаолиятини фақат ҳимоя қилинган диссертациялар сони орқали эмас, балки уларнинг сифати, илмий янгилиги ва амалий аҳамияти нуқтаи назаридан баҳолашга қаратилган.
Хусусан, илмий кенгашлар томонидан маъқулланган диссертациялар мустақил, жумладан хорижий мутахассислар томонидан экспертизадан ўтказилади, рейтинг натижалари эса очиқ электрон платформаларда эълон қилиб борилади.
Шу билан бирга, фаолияти самарасиз деб топилган илмий кенгашларга нисбатан тегишли чоралар қўллаш, зарур ҳолларда уларнинг фаолиятини тугатиш ёки айрим қарорларини бекор қилиш ваколати Олий аттестация комиссиясига берилмоқда. Мазкур механизмлар илмий ҳалоллик, академик масъулият ва сифат назоратини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Умуман олганда, фармон Ўзбекистонда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан янгилашга қаратилган комплекс ислоҳот ҳужжати сифатида тарихий аҳамиятга эга. Ҳужжат илм-фанни иқтисодиётнинг реал сектори билан боғлаш, докторантура тизимини халқаро стандартларга яқинлаштириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, илмий аттестация жараёнларини соддалаштириш ҳамда илмий тадқиқотларнинг амалий самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА