Илмий тадқиқотлар ва тарихий маълумотлар таҳлил қилинди
Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳудудидаги “Шон-шараф” давлат музейида “Иккинчи жаҳон уруши: илмий тадқиқот ва тарихий маълумотлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази, “Аждодлар изидан” ҳарбий-тарихий жамияти, Фанлар академияси ҳузуридаги мамлакатимизнинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи-методик марказ ҳамда Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Қуруқликдаги қўшинлар институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Сенат қўмитаси раҳбарияти ва аъзолари, Халқ дипломатияси маркази масъуллари, Мудофаа вазирлиги зобитлари, тарихчи олимлар, Италия Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамда хорижий мутахассислар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Дастлаб иштирокчилар томонидан мажмуа ҳудудидаги “Матонат мадҳияси” монументи пойига гулчамбар қўйилиб, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Очилиш маросимида мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Ҳамдам Каршиев сўзга чиқиб, иштирокчиларга миннатдорлик билдирди, аждодлар хотирасини абадийлаштиришнинг аҳамиятини таъкидлади.

Марказ директори Қобилжон Собиров эса тарихий хотирани асраш халқ дипломатиясининг муҳим пойдевори эканини таъкидлаб, ўзбек халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссаси халқаро миқёсда кенг тарғиб этилаётганини қайд этди. Диёримизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни аждодлар хотирасига юксак эҳтиром рамзи сифатида нишонланиши, фронт ва фронт ортидаги фидокорона меҳнат намунаси ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишига урғу берди. Халқ дипломатияси маркази томонидан тарихий хотирани асраш ва миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга қаратилган турли халқаро ҳамкорлик лойиҳалари, жумладан Беларусь ва Россия билан бирга амалга оширилган илмий-амалий тадбирлар, кўргазмалар, хотира кечалари ҳақида маълумот берди. Бундай ташаббуслар умумий тарихий меросни ўрганиш ва келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Учрашув давомида мутахассислар ва тарихчи олимлар Иккинчи жаҳон уруши миллий ҳарбий тузилмалари, ўзбек жангчиларининг маънавий-руҳий қиёфаси, уруш даврида ҳарбий санъат ривожланиши, фронт ортидаги меҳнат жасорати, умуман ғалабага қўшилган муносиб ҳисса мавзуларида маърузалар тақдим этилди.
Шунингдек, Италияда нашр этилган “IL Contributo del popolo dell’Uzbekistan alla vittoria nella seconda guerra mondiale” номли китоб-альбом тақдимоти бўлиб ўтди. Беларусь Республикаси Миллий архиви ҳамда халқаро тадқиқот гуруҳлари вакилларининг видео мурожаатлари намойиш этилди.

Анжуман якунида фаол иштирокчилар сертификатлар билан тақдирланди, хорижий меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди ҳамда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг 5 йиллиги муносабати билан юбилей медаллари тақдим этилди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА