Илмий стажировка якуни бўйича семинар ўтказилди
Оролбўйи халқаро инновация марказида Бошқирдистон Республикасига илмий стажировка якунига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда марказ мутахассислари “Истиқболли чўл ва доривор ўсимликларни in vitro шароитида кўпайтириш ва уларнинг генбанкини яратиш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида Россия Федерациясининг Бошқирдистон Республикасига уюштирилган ишчи сафари натижаларини тақдим этдилар.
Семинарнинг мақсади ходимлар ўртасида олинган билимларни тарқатиш, жамоани замонавий илмий ёндашувлар билан таништириш ва илғор биотехнологик ишланмаларни марказнинг илмий-тадқиқот фаолиятига жорий этиш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат эди.

Тадбир давомида стажировка иштирокчилари ҳамкасбларига ташриф дастури, Россиянинг етакчи олимлари билан ўтказилган учрашувлар, ҳудуднинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари базасида ташкил этилган илмий-амалий машғулотлар ва маҳорат дарслари ҳақида батафсил маълумот беришди.
Семинар доирасида ихтисослаштирилган биотехнологик лабораториялар ишини ташкил этиш, in vitro ўсимликлар коллекцияларини шакллантириш ва сақлашнинг замонавий ёндашувлари, замонавий лаборатория ускуналаридан фойдаланишнинг амалий жиҳатлари, шунингдек, илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишда қишлоқ хўжалиги ва биотехнологияларда рақамли технологияларни қўллаш тажрибаси тақдим этилди.
Очиқ муҳокама давомида марказ ходимлари ўрганилган технологияларни Оролбўйи халқаро инновация марказининг илмий фаолиятига жорий этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар. Ўсимликларни микроклонал кўпайтириш, генетик ресурсларни сақлаш ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тадқиқотларни такомиллаштириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Амалиёт иштирокчилари ўз чиқишларида таълим дастури якунида уларга Бошқирдистон Республикасининг етакчи илмий ва таълим ташкилотлари базасида ўтказилган илмий-амалий тадбирларда муваффақиятли иштирок этганликларини тасдиқловчи сертификат ва гувоҳномалар топширилганини таъкидладилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА