Илмий кадрлар тайёрлаш ва аттестация тизимини такомиллаштириш: янги босқич ва ислоҳотлар
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Тошкент давлат юридик университети Тадқиқот маркази бош илмий ходими, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов фармоннинг муҳим жиҳатлари ва аҳамияти ҳақида гапириб берди:
– Мазкур фармон илм-фан соҳасини янада ривожлантириш, замонавий илмий кадрлар тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади.
Шу асосда олий таълимдан кейинги таълим тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади. Илмий тадқиқотлар сифатини ошириш, илм-фанни иқтисодиёт эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш ҳамда инновацион ривожланиш учун замонавий академик муҳит яратилади.
Ҳужжатнинг асосий ғояси илм-фанни ортиқча бюрократик жараёнлардан холи қилиш, илмий тадқиқотларнинг амалий самарадорлигини ошириш ва рақобатбардош илмий кадрлар тайёрлашдан иборатдир. Бу жиҳатдан мазкур ҳужжат нафақат илмий аттестация тизимини такомиллаштириш, балки миллий инновацион тараққиёт стратегиясини амалга оширишга ҳам хизмат қилади.
– Илмий кадрлар тайёрлашнинг қандай устувор йўналишлари белгиланди?
– Энди сунъий интеллект, киберхавфсизлик, рақамли технологиялар, қайта тикланувчи энергетика, генетика, биотехнология, нанотехнология, робототехника ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби соҳалар давлат сиёсати даражасида устувор илмий йўналиш сифатида эътироф этилмоқда. Бу эса, илмий тадқиқотларнинг назарий хусусиятдан амалий ва инновацион иқтисодиёт эҳтиёжларига мос шаклга ўтишига хизмат қилади. Бошқача айтганда, илм-фан иқтисодий тараққиётнинг асосий драйверларидан бири сифатида қаралмоқда.
Фармоннинг муҳим янгиликларидан бири – таянч докторантура ва докторантура қабул тизимининг қайта кўриб чиқилганидир. Хусусан, 2026 йилдан бошлаб давлат гранти асосидаги қабул квоталарининг камида 60 фоизи устувор илмий йўналишларга ажратилиши белгиланди. Бу давлат маблағларининг самарадорлигини ошириш ҳамда мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга соҳаларда юқори малакали кадрлар тайёрлаш имконини беради.
Шу билан бирга, устувор ихтисосликларда таҳсил олаётган докторантлар учун базавий стипендия миқдорининг 1,7 бараварга оширилиши ва тадқиқотлар учун қўшимча маблағ ажратилиши назарда тутилган. Бу ёшларни илм-фанга кенг жалб қилишга хизмат қиладиган муҳим иқтисодий рағбатлантириш механизми ҳисобланади.
– “Амалий докторантура (PhD)” тизими жорий этилиши қандай самара беради?
– Унга кўра, тадқиқотлар фақат назарий эмас, балки муайян амалий лойиҳалар доирасида амалга оширилади. Докторантлар илмий ташкилотлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва хусусий сектор билан ҳамкорликда тадқиқот олиб боради.
Бу эса, илм-фан ва иқтисодиёт интеграциясини кучайтириш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ҳамда тадқиқот натижаларини амалиётга жорий қилиш имкониятини кенгайтиради.
Мазкур янгилик Ўзбекистон илмий тизими учун мутлақо янги ёндашув бўлиб, илм-фаннинг амалиётдан узилиб қолиши муаммосини бартараф этишга қаратилган.
– Илмий даража бериш тизимини либераллаштириш ва соддалаштириш қандай амалга оширилади?
– 2027 йилдан бошлаб бир қатор ортиқча бюрократик талаблар бекор қилиниши белгиланди. Жумладан, чет тили бўйича малака имтиҳони, диссертация мавзусини рўйхатдан ўтказиш, монография чоп этиш, автореферат нашри ҳамда ОАК эксперт кенгашлари экспертизаси каби тартиблар бекор қилинади.
Бу ўзгаришлар тадқиқотчилар учун сунъий тўсиқларни қисқартириш, уларнинг вақт ва ресурсларини бевосита илм билан шуғулланишга йўналтиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, илмий даража бериш жараёнида асосий эътибор ҳужжатлар сонига эмас, тадқиқотнинг ҳақиқий илмий ва амалий аҳамиятига қаратилади.
– Фармоннинг яна қандай муҳим жиҳатлари бор?
– Энг муҳим жиҳат – илмий кенгашлар масъулияти ва мустақиллигини оширишга қаратилган нормалардир. Энди илмий кенгашлар диссертациялар экспертизасининг холис ва сифатли ўтказилиши, илмий ишларда кўчирмачиликни аниқлаш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг асослилиги учун бевосита масъул этиб белгиланмоқда.
Бу академик мустақиллик принципининг кучайишини англатади. Давлат илмий кенгашларга ишонч билдирмоқда ва уларни мустақил илмий экспертиза марказига айлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Мазкур норма халқаро академик стандартларга ҳам тўлиқ мос келади. Ривожланган давлатларда университет ва илмий кенгашлар диссертация сифати учун мустақил жавобгар ҳисобланади. Давлат органлари эса асосан мониторинг ва умумий тартибга солиш функциясини амалга оширади. Шу нуқтаи назардан, мазкур фармон Ўзбекистон илмий аттестация тизимини халқаро моделларга яқинлаштиришда муҳим қадам ҳисобланади.
– Олий аттестация комиссиясининг вазифалари концептуал жиҳатдан қайта белгилангани қандай натижа беради?
– Хусусан, ОАК илмий даража ва унвонларга қўйиладиган малака талабларининг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминловчи институт сифатида белгиланган. Бу эса миллий илмий даражаларнинг халқаро академик ҳамжамият томонидан тан олиниши учун муҳим ҳуқуқий асос яратади. Энди асосий эътибор формал ҳисоботларга эмас, балки илмий тадқиқотнинг сифати, академик ҳалоллик ва халқаро рақобатбардошликка қаратилади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати — илмий жараёнларни тўлиқ рақамлаштиришдир. Барча диссертация жараёнларини ягона электрон тизим орқали амалга ошириш вазифаси белгиланган. Бунда диссертацияни топшириш, тақриз бериш, экспертиза, ҳимоя жараёни ва дипломларни расмийлаштириш рақамли шаклда амалга оширилади. Бу инсон омилини камайтириш, коррупциявий хавфларни олдини олиш ва жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Фанлар академияси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига илмий аттестация тизимини амалий жиҳатдан тартибга солувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Бу фармонда белгиланган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши учун муҳим институционал механизм ҳисобланади. Чунки ҳар қандай ислоҳот уни амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари яратилгандагина тўлиқ ишлайди.
Умуман олганда, фармон Ўзбекистонда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилган комплекс ислоҳотлар дастури ҳисобланади. Унинг мазмун-моҳияти илм-фанни замонавий иқтисодиётнинг ҳаракатлан-тирувчи кучига айлантириш, халқаро стандартларга мос рақобатбардош академик муҳит яратиш ва ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.
Айниқса, рақамлаштириш, амалий тадқиқотларга устувор аҳамият бериш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш, академик ҳалолликни таъминлаш ва илм-фанни бизнес билан интеграция қилишга қаратилган нормалар миллий илмий тизим ривожида янги даврни бошлаб бериши мумкин. Энг муҳими, мазкур фармон илм-фанни расмий ҳисобот ва қоғозбозлик тизимидан чиқариб, ҳақиқий интеллектуал тараққиёт ва инновацион ривожланишнинг асосий институтига айлантиришга хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Н.Абдураимова суҳбатлашди