Илм ва адолатни маёқ қилган олим
Инсон ҳаётининг мезони унинг босиб ўтган ҳаёт йўли билан ўлчанади.
У йўл турлича бўлиши мумкин.
Аммо, Ҳалимбой Бобоевнинг ҳаёт йўли анча салмоқли ва мураккаб бўлди. Мураккаблиги шундаки, у Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан ва халқимиз ҳаётининг мусибатли даврларида – 1942 йилда дунёга келди. У туғилган вақт ёз фаслига тўғри келса-да, худди қишнинг изғиринли кунларидек одамлар ҳаётига совуқ таъсир қилиб турган бир пайтлар эди. Бир томондан уруш, иккинчи томондан қаҳатчилик, очарчилик ўша давр инсонлари қатори ёш Ҳалимбой Бобоевнинг титапоя бўлиб ўсишида анча қийинчиликлар туғдирди.
Ўша оғир йиллар унинг учун катта мактаб вазифасини ўтади. У меҳнат фаолиятини 1959 йили 17 ёшида 704-сонли «Ўзгидроэнергияқурилиш» трестининг дурадгорлигидан бошлади. 1961-1964 йилларда армия сафида хизмат қилди. Ҳарбий хизматдан кейин меҳнат фаолиятини «Ўзбекметаллургия» заводининг ишчиси сифатида давом эттирди. Лекин, болалигидаёқ унинг қалбидан жой олган ҳуқуқшунослик орзуси ҳеч қачон тарк этмади.
Йиллар давомида ўзи қатори улғайиб, шаклланиб келган ҳаётий тажрибаси, билимга бўлган ташналиги олий таълим олишга, ҳуқуқшунос бўлишга етаклади. Пировардида, 1965-1970 йилларда Тошкент давлат университети юридик факультети талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди.
Олий маълумотли ҳуқуқшунос Ҳалимбой Бобоев шундан кейин атиги бир йил Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг катта инспектори, тезкор навбатчиси вазифаларида фаолият юритиб, 1971 йилдан ҳозирга қадарлик меҳнат фаолиятининг қолган қисмини таълим-тарбия ва илм-фанга бахшида айлади.
Жумладан, Тошкент давлат университети юридик факультетининг аспиранти, ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, хорижлик талабалар билан ишлаш бўйича декани, малака ошириш курслари декани, доценти, кундузги бўлим бўйича декан муовини, «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» кафедрасининг мудири лавозимларида самарали меҳнат қилди.
1991 йилдан бошлаб Тошкент давлат юридик институтининг кечки ва сиртқи бўлимлар бўйича проректори, «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» кафедраси мудири, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг проректори, Тошкент давлат юридик институти ректори, Тошкент давлат юридик институтининг «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» кафедрасининг мудири, Юристлар малакасини ошириш марказининг «Давлат-ҳуқуқий фанлари» кафедраси мудири ва бошқа лавозимларда фаолият юритиб келмоқда.
Бугунги кунда саксон ёшини қаршилаётган юридик фанлари доктори, профессор Ҳалимбой Бобоев юзлаб илмий ва илмий-публицистик асарларга муаллифлик қилди, Бурҳониддин Марғинонийнинг юриспруденциянинг негизи бўлган машҳур «Ҳидоя» асарини замонавий ўзбек тилига таржима қилишда фаол иштирок этди, «Авесто» – Шарқ халқларининг бебаҳо ёдгорлиги» номли ҳаммуаллифликдаги асари эса узоқ тарихимизни кўз олдимизга келтириб берди.
Шунингдек у, айниқса, таълим-тарбия масалаларига алоҳида эътибор қаратган жонкуяр раҳбар ва атоқли олим сифатида халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди, ҳурматини қозонди. Давлатимизнинг «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони соҳибига айланди.
У эркин фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қурилиши жараёнларида, шунингдек, жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб, «Адолат» социал-демократик партияси ҳаётида ҳам муҳим из қолдирди.
Партияни тузиш ташаббускор гуруҳ ўзагида йирик жамият арбоблари қаторида Тошкент давлат юридик институти ректори, профессор Ҳалимбой Бобоевнинг фаол иштироки партия тарихига муҳрланди. Унинг фаол иштирокида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва республикамиз барча вилоятларида ташаббускор гуруҳлар тузилиб таъсис Қурултойига тайёргарлик кўрилди.Партиянинг Низоми, Дастури ва Қурултойнинг ўзбек халқига мурожаатномаси лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Шундай қилиб, 1995 йил 18 февраль куни Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Ўзбекистондаги илк ва ягона социал-демократик партия сифатида ташкил этилди. Ўшанда партия Сиёсий Кенгаши котибларидан бири бўлиб Ҳалимбой Бобоев сайланди ва 1999 йилга қадар беш йил давомида жамоатчилик асосида шу лавозимда фаолият юритиб, партиянинг оёққа туриши, ташкилий ва ғоявий жиҳатдан ўсишида фаол иштирок этди.
«Адолат» социал-демократик партияси Ҳалимбой Бобоевнинг партия ҳаётидаги фаол ташкилотчилик ва раҳбарлик даражасидаги иштирокини, эл-юрт, кенг жамоатчилик орасида танилишига, сафдошларимиз сонини орттиришига қўшган беғараз хизматларини қадрлаб, 2018 йилда партиянинг олий мукофоти – «Адолат» кўкрак нишони билан тақдирлади.
Ҳали ҳам жамият олдидаги ўз масъулиятини унутмаган, айниқса, ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик ғояларига садоқат, юксак фидойилик ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашдек шарафли ишларда фаоллик ва намуна кўрсатиб келаётган Ҳалимбой Бобоевни 80 йиллик умр йўллари билан қизғин табриклаймиз.
Зеро, бу катта йўл илм ва маърифат йўли бўлиб, узоқ йиллар жамият учун нафи тегишига тилакдошмиз.
Абдукамол Раҳмонов,
«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши
раиси ўринбосари