Илм, тил ва маданиятни боғловчи ҳамкорлик
Гулистон давлат университети ва Хитойнинг Shaanxi A&F Technology университети ўртасида таълим ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган икки муҳим шартнома имзоланди.
Куни кеча университет ректори Муҳсин Ходжиев ташаббуси билан имзоланган мазкур шартномалар амалий таълимни такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, шунингдек, ўзбек тили ва маданиятини Хитойда кенг тарғиб қилиш учун янги имкониятлар яратади. Бу ҳақда Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов маълум қилди.
Ҳамкорликнинг биринчи йўналиши Гулистон давлат университетидаги Qinling амалий ўқув устахонасини ривожлантиришга қаратилган. Келишувга мувофиқ, хитойлик ҳамкорлар устахонани дарсликлар, ўқув қўлланмалар ва ўқув-методик материаллар билан таъминлаш, шунингдек, уни замонавий ўқув ускуналари билан жиҳозлашда кўмаклашади. Икки университет мутахассислари ҳамкорликда амалий ўқув дастурини ишлаб чиқади, хитойлик мутахассислар эса Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари учун малака ошириш тренингларини ташкил этади.
Гулистон давлат университети ўз навбатида устахона учун зарур хона ва инфратузилмани ажратади, ускуналардан самарали фойдаланишни таъминлайди ҳамда янги ўқув дастурини таълим жараёнига жорий этади. Мазкур ҳамкорлик талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, касбий кўникмаларини ривожлантириш ва илғор халқаро тажрибани ўзлаштиришларига хизмат қилади.

Келишувларнинг яна бир муҳим йўналиши — Хитойда Ўзбек тили марказини ташкил этишдир. Марказ Shaanxi A&F Technology университетининг Туризм факультети қошида фаолият юритади. Унда хитойлик талабалар, профессор-ўқитувчилар ва ўзбек тилига қизиқувчилар тилимиз, Ўзбекистон тарихи, миллий маданияти, урф-одатлари ҳамда мамлакатимизнинг туризм салоҳияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун Гулистон давлат университети уни ўзбек тили дарсликлари, луғатлар, ўқув қўлланмалар ва миллий маданиятимизга оид адабиётлар билан бепул таъминлайди. Шунингдек, ўзбек тилини ўқитишни ташкил этиш мақсадида икки нафар профессор-ўқитувчи Хитойга юборилади.
Хитойлик ҳамкорлар эса марказ учун компьютер, проектор ва зарур мебеллар билан жиҳозланган хона ажратади. Шунингдек, ўзбекистонлик ўқитувчиларга виза расмийлаштиришда кўмаклашади ва уларни яшаш жойи билан таъминлайди. Марказнинг ички безагида Ўзбекистоннинг бой тарихи, миллий қадриятлари ва маданий меросини акс эттирувчи жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади.

— Янги марказ нафақат ўзбек тилини ўрганиш, балки Ўзбекистон ҳақидаги билимларни кенгайтириш, икки халқ ўртасидаги маданий яқинликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш учун ҳам муҳим майдонга айланади. Айниқса, марказнинг Туризм факультети қошида ташкил этилиши мамлакатимизнинг бой сайёҳлик салоҳиятини хитойлик ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш имконини беради, — дейди Дилмурод Эгамбердиев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири