Илм қадр топган юртнинг бахтли олимасиман
Дил сўзи
Ўзимни энг бахтли олима, айни пайтда энг омадли ўқитувчи санайман. Аввало, Янги Ўзбекистон меъмори кўз ўнгимизда биз, ёшларга янги даврни қуриб берди. Қолаверса, ёш бўлишимга қарамай, юртимиздагина эмас, балки Марказий Осиёдаги нуфузли ва йирик олий ўқув юртларидан бири бўлган Ўзбекистон Миллий университетида талабаларга сабоқ бериб келяпман. Бунинг масъулияти эса жудда катта. Чунки зиммамизга Учинчи Ренессанс авлодини тарбиялаш вазифасини ҳар қадамда ҳис қилиб турамиз.


Яқинда 105 йиллик юбилейини нишонлаган университетимиз тарихини билмайдиганлар бўлмаса керак. У Ўрта Осиё ва Қозоғистонда ташкил этилган биринчи олий ўқув юрти ҳисобланади. Яъни фаолиятини 1918 йили Туркистон халқ университети сифатида бошлаган бўлиб, 1920 йили Туркистон давлат университети, 1923 йили Ўрта Осиё давлат университети, 1960 йили Тошкент давлат университети номини олган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 январдаги тегишли Фармонига биноан Миллий университет мақомига берилган. 1995 йилдан эътиборан эса Мирзо Улуғбек номи билан атала бошланган.
Аммо университет ҳаётида сўнгги йилларда сифат ўзгаришлари юз бермоқда. Таъбир жоиз бўлса, ислоҳотларнинг янги даврида ЎзМУ ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди. Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги “2019 — 2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим омил бўлди. Натижада у ёшларнинг истеъдоди юзага чиқадиган, илмий ғоя ва ташаббуслари амалиётга кўчадиган илм-маърифат маскани, инновациялар марказига айланмоқда. Ўзимнинг илмий-педагогик фаолиятим мисолида бунинг гувоҳиман.
Дарҳақиқат, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этишга қодир янги замон кадрларини тайёрлаш йўлида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга ошириляпти. Айниқса, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, ёшларни ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммолар ечимига хизмат қиладиган илмий ишлар қилишга жалб этиш бўйича самарали тизим яратилмоқда. Яратиб берилаётган шарт-шароитлар, тақдим этилаётган улкан имкониятлар инъикосини ЎзМУда яққол кўриш мумкин. Бунинг самараси ўлароқ, талаба-ёшлар орасидан ёш олимлар етишиб чиқмоқда. Улар сафида хотин-қизлар сони кўпайиб бораётгани, айниқса, қувонарлидир.

Ўзимдан қиёс, «Шакар ўрнини босувчи моддалар асосида қонда гипергликемия чақирмайдиган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш» лойиҳам “Бўлажак олим” республика танловида юқори баҳоланиб, 14 нафар ғолиблар қаторида рағбатлантиришга тавсия этилди. Ва бу лойиҳага грант олдим.
Айтиш жоизки, ҳудудларда илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу танлов менинг илмий фаолиятимда туб бурилиш ясади. Ўзимга бўлган ишончни оширди. Илмий ишимни давом эттириб, олим бўлиш қароринимни янада қатъийлаштирди.
Номзодлик илмий-тадқиқотимни “COVID-19”га чалинган организмлар фаолияти тикланиш даврининг физиологик механизмлари” мавзуида олиб бордим. Бу мавзунинг бежиз танлаганим йўқ. Чунки 2019-2022 йилларда дунёнинг 221 давлатида жами 650 миллион кишида коронавирус инфекцияси аниқланган бўлса, улардан 6,65 миллион нафари вафот этди. Ўзбекистонда эса ушбу дардга чалинган 248 минг беморнинг 1637 нафари бу ёруғ оламни тарк этди. Улар орасида отажоним шифокор Баҳодир Аҳмедовнинг борлиги илмий ишимга бошқача назар билан ёндашишга катта туртки бўлди. Бутун дунёни алғов-далғов қилиб юборган ушбу вирус оқибатларини, “COVID-19”дан кейинги тикланиш даврининг физиологиясини чуқурроқ тадқиқ қилишга уриндим. Табиийки, бунда устозларим, айниқса, ЎзМУ биология факультети декани, профессор Тўхтасин Абдраҳманов, “Одам ва ҳайвонлар физиологияси” кафедраси жамоаси, илмий раҳбарим академик Бакридин Зариповнинг ёрдамлари биқиёс бўлди. Қолаверса, расмий оппонентлардан бири сифатида “COVID-19” бўйича дунёдаги етук мутахассис, профессор Н.Атабековнинг тайинлангани зиммамдаги масъулиятни янада оширди.

Олиб борилган изланишлар натижасида “COVID-19”га бағишланган 30 дан зиёд мақола, тезисларим дунёнинг нуфузли журналларида, конференцияларда чоп этилди. Жаҳонда илк бор менинг мавзуимда жонажон Янги Ўзбекистонимизда, Ўзбекистон Миллий университетида I Халқаро коронавирус физиологиясига бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда жаҳоннинг 20 дан ортиқ давлатларидан нуфузли олимлар маърузалар билан қатнашишди.
Биология фанлари бўйича фалсафа докторлиги учун ёзилган диссертация ишимни Самарқанд давлат университети ҳузуридаги Илмий кенгашда ҳимоя қилдим. Фалсафа доктори (PhD) дипломимни қадрдон университетимизнинг қутлуғ 105 йиллик тантаналари арафасида қўлимга олганим мен учун қўшалоқ байрам бўлди.
Мен илм қадр топган юртнинг ёш олимаси, ёш мутахассиси эканлигимдан фахрланаман. Президентимизнинг ёшларга билдираётган ишончини оқлаш, берилаётган кенг имкониятларга муносиб жавоб қайтариш, Ватан равнақига хизмат қиладиган фидойи ёшлар қаторида бўлиш учун бор имкониятимни ишга соламан.
Гулсара АҲМЕДОВА,
биология фанлари бўйича фалсафа доктори,Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети биология факультетининг
“Одам ва ҳайвонлар физиологияси” кафедраси ўқитувчиси.