Илм-маърифатли, интеллектуал салоҳиятли ёшлар – юрт таянчи
Мамлакатимиз бўйлаб «Ёшлар ойлиги» тадбирлари кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирларда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ҳам фаол иштирок этди. Академияда жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб «Олтин даврим» шиори остида ўтказилган талабалар ойлиги доирасида спортнинг футбол, волейбол, стол тенниси ва армрестлинг турлари бўйича «Иттифоқ кубоги» мусобақалари, «Олтин даврим» шиори остида талабалар сайли, «Тренерлар мактаби лойиҳаси», «Тафаккур эгалари» китобхонлик лойиҳаси, «Quest step by step» ўйини, «Заковат» интеллектуал ўйинлари, «Ёшлар марафони» мусобақаси, MUN (БМТнинг ўзбек модели) лойиҳаси, «Билимдон диншунос», «Ислом тарихи билимдони», «Киберспорт» каби танлов ва мусобақалар ташкил этилди. Мазкур лойиҳалар доирасида жами 1320 нафардан ортиқ талаба қамраб олинди.

Шу муносабат билан бугун Академияда «Олтин даврим» шиори остида ўтказилган ёшлар ойлиги якунларига бағишланган «Сенинг томирингда жадидлар қони!» мавзусида маънавий-маърифий байрам тадбири ташкил этилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Эътироф этилганидек, ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта, давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир. Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида катта ҳажмдаги ишлар олиб борилаётир. Айни пайтда замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Тадбирда ёшларни халқимиз менталитетига ёт, ёш авлод онги ва тафаккури учун зарарли бўлган салбий таъсирлардан ҳимоялаш, миллат ва давлат тараққиётини дунё ҳамжамиятига кўрсатишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаш энг муҳим вазифа экани таъкидланди.
Байрам давомида «Олтин даврим» шиори остида ўтказилган талабалар ойлиги доирасидаги танлов ва мусобақалар ғолиблари ҳамда йил давомида ҳар томонлама фаол бўлган талабаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Талабалар ойлиги давомида спорт мусобақалари бўйича ғолибликни қўлга киритган 8 та жамоа, кўрик-танлов ва мусобақаларда ғолиб бўлган 15 нафар талаба, шунингдек, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда «Ёшлар театр студияси»да фаол бўлган 41 нафар талаба, жами 84 нафар талаба диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Шунингдек, мазкур 84 нафар талабага тегишли тартибда базавий стипендиянинг бир баравари миқдорида рағбатлантириш маблағлари тўлаб берилиши режалаштирилди.
Расмий тадбирлардан сўнг талабалар ижросида «Келинлар қўзғолони» фильмининг театрлаштирилган саҳна кўриниши, миллий куй-қўшиқлардан иборат мусиқий дастур намойиш этилди.
Н.Усмонова, ЎзА